Пойтахтда 496 та янги бекат: қурилиш харажатини ким қоплаяпти?

Жамият

image

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган замонавий типдаги автобус бекатлари давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки очиқ электрон аукционда ғолиб бўлган тадбиркор маблағлари эвазига қурилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Жорий йилнинг 17 июль куни QALAMPIR.UZ томонидан эълон қилинган “Янгисини қурмагунча, эскисини бузма” – Тошкентда “замонавий бекатлар”ни қачон кўрамиз?” сарлавҳали мақола эълон қилинганидан сўнг, кеча, 21 июль куни пойтахт ҳокимлиги QALAMPIR.UZ учун махсус тур ташкил қилди.

Жараёнда шаҳарда қурилаётган замонавий типдаги автобус бекатлари кўздан кечирилди. Ҳокимлик режасига кўра, йил якунига қадар пойтахтда 496 та замонавий типдаги автобус бекати қуриб битказилиши белгиланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимованинг айтишича, йил бошида ўтказилган очиқ электрон аукционда “Ewi Snacks” МЧЖ ғолиб бўлган. Аукцион шартларига мувофиқ, компания барча бекатларни ўз маблағлари ҳисобидан қуриб, фойдаланишга топширади.

“Замонавий типдаги автобус бекатлари давлат бюджети ҳисобидан қурилмаяпти. Барча харажатлар тендерда ғолиб бўлган тадбиркор маблағлари ҳисобидан қопланади. Шу шарт асосида ҳокимлик бекатларни 10 йил муддатга тадбиркорга ижарага берган. Тадбиркор эса, бекатларга реклама конструкциялари ва вендинг аппаратлари ўрнатиш орқали даромад олиши мумкин”, деди ҳокимлик матбуот котиби.

Шунингдек, Қосимова бекатлар қурилиши секинлашаётганида тадбиркорнинг айби йўқлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда шаҳар йўл инфратузилмасини ривожлантиришнинг беш босқичли режаси амалга оширилмоқда. Шу сабабли айрим светофорлар жойлашуви, бекатлар оралиғи ва бошқа йўл инфратузилмаси ечимлари қайта кўриб чиқилмоқда. Бу жараён 2027 йилга қадар давом этиши режалаштирилган.

Транспорт бош бошқармаси бошлиғи Икромовнинг билдиришича, сўнгги йилларда пойтахтда автомобиллар сони бир неча баробар ошгани сабабли тирбандликларни камайтириш мақсадида светофорлар, йўл чизиқлари ва ҳаракатни ташкил этиш схемалари қайта кўриб чиқилмоқда. Унинг айтишича, айнан шу жараёнлар дастлабки замонавий автобекатларни қуриш ишларининг бироз кечикишига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бирорта замонавий типдаги автобус бекатлари тўлиқ битказилиб, фойдаланишга топширилмагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг