Портлашдан жабрланган аҳолига 3 маҳал овқат берилмоқда – Сергели ҳокими
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
9006Бугун, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманида юз берган портлашдан жабрланган аҳолига 3 маҳал овқат ташкил қилинди. Бу ҳақда туман ҳокими Элбек Шукуров QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида маълум қилди.
Шукуровнинг билдиришича, ҳодисадан жабр кўрган аҳоли доимий назоратга олинган ва айни дамда уларга барча зарурий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
“Мазкур воқеадан жабрланганларнинг саломатлигини тиклаш учун ҳамширалар бириктирилган бўлиб, уларга тиббий хизмат кўрсатиш билан биргаликда, 3 маҳал бепул иссиқ овқат тарқатиш ҳам ташкиллаштирилган”, дейди Элбек Шукуров.
Айтиш жоиз, воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олган. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган Умрзоқов.
Тарқалган видео ва расмларда портлаш тўлқини турар-жой, ташкилотлар, мактаблар ва болалар боғчалари биноларига турли даражадаги зарар етказганини кўриш мумкин. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича аҳоли билан доимий алоқада эканлигини айтиб, жабрланганларга мурожаат билан чиқди.
“Сергели туманида рўй берган ҳодиса юзасидан саволларингиз ёки мурожаатингиз бўлса, 71 210-01-63 рақами орқали Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилган ушбу мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь