Портлашда шикастланган BYD автомобиллари утилизация қилинади

Жамият

image

Тошкентнинг Сергели туманидаги божхона омборида содир бўлган портлашда шикастланган барча BYD автомобиллари утилизация қилишга юборилади. Бу ҳақда ушбу машиналарни ишлаб чиқарувчи компания вакиллиги маълум қилди.

Сергели туманидаги божхона омбори ҳудудида содир бўлган портлаш сабаблари ва ҳолатлари ҳозирда махсус хизматлар томонидан ўрганилмоқда.

Воқеа юз берган вақтда божхона омборига туташ ҳудудда BYD русумли автомобиллар ҳам бўлган. Ижтимоий тармоқларда ҳам мазкур машиналарга шикаст етгани акс этган видеолар тарқалганди. 

“Сизга шуни маълум қиламизки, барча шикастланган автомобиллар утилизация қилишга юборилади, зеро бу хавфсизлик ва атроф-муҳитни сақлаш нуқтаи назаридан муҳимдир. Автомобилларни етказиб бериш бўйича барча мажбуриятлар шартномада кўрсатилган муддатда бажарилади”, дейилган хабарда.

Шунингдек, компания портлаш сабаблари бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани ва якуний эксперт хулосаси йўқлиги сабабли ҳодисага электр транспорт воситаларининг алоқадорлиги ёки бошқа фактлар ҳақидаги маълумотларни тарқатмасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди. 

Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

BYD Сергелидаги портлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made