Порошенкони қамоққа олиш бўйича суд мажлиси бошланди
Олам
−
17 Январь 2022
7314Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко Киев халқаро аэропортидан тўғри Печерский туман судига келди. У суд биносига киришдан аввал бу ерда тўпланган тарафдорлари билан учрашди.
Ўз нутқида яна бир бор аэропортда айтган гапларини такрорлаб, "Биз Порошенкони ҳимоя қилиш учун эмас, биз бирлашиш ва Украинани ҳимоя қилиш учун келдик", деди.
Айни вақтда Киев суди Порошенкога қўйилган “давлатга хиёнат” айблови бўйича жиноий иш юзасидан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқишни бошлади
Эслатиб ўтамиз, Порошенко бугун, 17 январь куни мамлакатга Украинага қайтди.
Аввалроқ, Порошенко Киевга 17 январь куни етиб боришини маълум қилганди. Шу куни Киевнинг Печерский туман суди мажлиси режалаштирилган бўлиб, унда собиқ президентни ҳибсга олиш ҳақидаги ариза кўриб чиқилади. Суднинг жорий йил 6 январдаги қарори билан собиқ президентнинг мол-мулкига тақиқ қўйилди. Порошенко ушбу суд мажлисида қатнашиш нияти борлигини тасдиқлади, бироқ ҳибсга олинмаслигига ишонч билдирди, чунки бунинг учун қонуний асослар йўқ. У ҳибсланса, биринчи навбатда “Украинанинг амалдаги Президенти Владимир Зеленскийга зарар келтираман”, деб ҳисоблайди.
Собиқ президент 2014-2015 йилларда Донбассдан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади. Унга Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”, “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган. Порошенкони мол-мулкини мусодара қилиш ёки мусодара қилмасдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши кутмоқда. 2021 йил декабрь ойида терговчилар унга чақирув қоғозини бермоқчи бўлган, бироқ собиқ президент уларга эътибор бермай, ўша куниёқ Туркияга учиб кетган. Порошенконинг партияси собиқ президент “олдиндан режалаштирилган дипломатик сафари билан Туркия ва Польшага жўнаб кетганини” хабар қилган.