Порошенко Зеленскийни муносиб жазолашга ваъда берди
Олам
−
17 Январь 2022
10432Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко амалдаги Президент Владимир Зеленскийнинг қудратига қарши чиққанларни бирлашишга чақирди. Бу ҳақда у Киев аеропорти олдида ўз тарафдорлари қаршисидаги чиқишида сўз очган.
"Биз Порошенкони ҳимоя қилиш учун эмас, биз бирлашиш ва Украинани ҳимоя қилиш учун келдик", деди собиқ президент.
Унинг қайд этишича, уни нафақат ўзининг “Европа бирдамлик” партияси, балки Украинанинг амалдаги ҳукуматига қарши бўлган бошқа сиёсий кучлар ҳам қўллаб-қувватлайди.
“Бошқа сиёсий демократик кучлар вакилларининг биз билан бирга бўлиши жуда муҳим, бу ҳозир бизнинг бирлашувимиз рамзидир, чунки энди биз бирлашиб, бирлашган Украина кучли эканини кўрсатишимиз керак”, дейди Порошенко.
Унинг таъкидлашича, кучли Украина Россияни чекинишга мажбур қила олади. У мамлакатнинг амалдаги ҳукумати вакиллари муносиб жазога тортилишига ваъда берди.
“Зеленскийлар ва Коломойскийлар, биз давлатимиз пойдеворини қураётганимизда, Украинани вайрон қилишди, солиқ тўловчилар чўнтагидан ўнлаб миллион долларларни олиб чиқиб кетишди, Лондон ва Италияда виллалар қуришди. Ҳозир эса ҳокимият, улар бизни хиёнатда айбламоқда, бунинг учун ҳаммаси жавоб беради”, дейди у.