Порахўрликда айбланиб, урушга кетган собиқ мэр ҳалок бўлди

Олам

image

Белгороднинг собиқ мэри ва Белгород вилояти губернаторининг собиқ ўринбосари Константин Полежаев Украинадаги урушда ҳалок бўлди. Бу ҳақда собиқ мулозимнинг яқинларига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.

Қайд этилишича, мулозимнинг яқинлари 54 ёшли Полежаевнинг ҳалок бўлган жойи ва ҳолатларига аниқлик киритмаган. Расмий равишда ҳокимият органлари бу маълумотни ҳозирча тасдиқлагани йўқ. Полежаев 2015 йилдан 2019 йилгача Белгород мэри бўлиб ишлаган, сўнгра Белгород вилояти губернаторининг уй-жой коммунал хўжалиги (УЖХ) масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаган. Хусусан, у Украина томонидан уюштирилган отишмалардан сўнг Шебекино ва Новая Таволжанкани қайта тиклаш учун масъул бўлган. 

2023 йилнинг июль ойида губернатор Вячеслав Гладков ушбу аҳоли пунктларида ишлар сифатсиз бажарилгани сабабли Полежаевни лавозимидан озод этган. Истеъфодан кўп ўтмай, собиқ мулозим пора олиш иши бўйича қўлга олинган. Суд Полежаев давлат шартномаларини тузиш ва ишларни қабул қилишда ҳомийлик қилиш эвазига қурилиш компанияси раҳбаридан 17 млн рубль қийматидаги люкс автомобилларни олганини аниқлаган. 2024 йилнинг август ойида собиқ мулозим 5 йилга қаттиқ тартибли колонияга ва 36 млн рубль жаримага ҳукм қилинган, бироқ ҳукм чиқарилишидан бир неча кун олдин у Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ҳамда суддаги сўнгги сўзида урушда “жонини фидо қилишга тайёр” эканини маълум қилган.

2024 йилнинг октябрь ойида Белгород вилоят суди ҳарбий қисм командирининг илтимосномасига кўра иш бўйича юритувни тўхтатиб турган ва Полежаевни хизмат ўташ даврида ҳибсдан озод қилган. Унинг Украинага урушга кетгани таъкидланган. Бироқ Белгороднинг “Пепел” нашри собиқ мулозим фронтга жўнаб кетмаганини, балки “БАРС” сафарбарлик резерви отрядига ёзилганини ёзган. Шу билан бирга, “Пепел” манбаларининг маълумотларига кўра, Полежаев фақат номинал (номига) хизмат қилган – амалда у вақтини уйида оиласи билан ўтказган, шунингдек, Белгород шифохонасига қатнаб турган.

2025 йилда BBC тергов ҳибсхоналари ва колониялардан 102 нафар собиқ мулозим, парламент аъзолари ва куч тузилмалари ходимлари урушга кетишга муваффақ бўлганини ҳисоблаган. Уларнинг аксарияти – 79 киши коррупцияда, яна 16 киши зўравонлик жиноятларида айбланган. Ўша пайтда жиноят иши фигурантларидан 17 нафари ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган, қолганлари эса урушни давом эттираётган бўлган. Ўз навбатида, “Новая газета. Европа” фронтга жўнаб кетган ҳокимият вакилларининг мутлақ кўпчилиги “VIP-қисмлар”да панада ўтириб, эсон-омон уйга қайтгани ҳақида ёзган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг