“Пора олмайдиганлар эмас, беришни билмайдиганлар бор”. Янги Ўзбекистонда одамлар пора беряптими? (видео)
Интервью
−
09 Декабрь 2021
19228Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддасида пора олган шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ушбу жиноят оғир ҳолатларда содир этилганда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 211-моддасида пора бериш жинояти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши ҳақида айтилган.
QALAMPIR.UZ 9 декабрь "Халқаро коррупцияга қарши курашиш" куни муносабати билан коррупцион ҳолатлар юзасидан аҳоли ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказди.
Мухбир респондентларга, ҳар доимгидек "Коррупция нималигини биласизми?", "Коррупция борми?", деб эмас, балки "Сиз пора берганмисиз?" деган очиқ савол билан юзланди. Аввалига бу саволга жавоб беришдан кўпчилик қочади ёки шунчаки “йўқ” деган жавоб билан ўзини муҳофазалайди, деб ўйлаган эдик. Бироқ натижа кутганимиздан бошқача бўлди. Одамларимиз жамиятда коррупция борлигини ва ўзи ҳам пора бериш ва олиш жараёнининг иштирокчиси эканини тан оляпти. Бу эса коррупция қонунан хатарли бўлса-да жамият орасига сингиб, унинг ҳаёт тарзининг ажралмас қисмига айланиб қолганини кўрсатади.
Сўровномада иштирок этган респондентларга кўра, Янги Ўзбекистонда ҳам пора берилмаса, бирон ишни ҳал қилиш жуда қийин.
Бугун коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳақида бот-бот гапирилаётган, қонунлар қабул қилинаётган бир пайтда, оддий халқ коррупциянинг жиноят эканини била туриб, пора бермоқда. Албатта, олувчи бўлса, берувчи ҳам топилади. Ёки аксинча қўлтиғига кармонини қистириб юрган одамнинг қаршисидан, албатта, ўша кармоннинг эгаси чиқади. Уйдаги кайвоналарнинг айтишларича, олмайдиган одам йўқ, беришни билмайдиганлар бор.
Ўзбек жамиятида коррупция нисбатан кўча-кўйга баннер илиб, мактабларда ўқувчиларга иншо ёздириб курашиб бўлмайди. Қачонки, иншони ёзаётган ўқувчи мактабга пора эвазига жойлашган, кўчаларга илинган коррупцияга қарши чақириқ баннерлари ортида эса миллион-миллион “откат”лар бўлса... Оқибатда одамлар бора-бора шиорбозликдан чарчайди, ислоҳотларга ишончсиз бўлиб қолаверади.
Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор: тўғри, қуйи тизимда коррупция камайгандир, таг томири билан йўқ бўлгандир. Лекин савол туғилади: хўш, ўша қайси тизим? Айтайлик, маҳаллада “справка”ни пора эвазига олмаётганингиз тайин. Шифохонада доктор ва ҳамширалар қўлингизга қарамай ҳам қўйган. Мактабда-ку ўқитувчилар “Оч қорним – тинч қулоғим”, дейди. Баъзан уларга кўнглимиз бўшлик қилиб, оғир меҳнатининг ёнида ёрдам бўлсин учун “чой ичарсиз”, деб қистириб кетамиз. Баъзан берганимизга чойдан бошқа нарса ҳам олиб бўлмайди. Ва кўпинча коррупцияга қарши кураш ҳақида гап кетганда ҳам наҳанглар қолиб, айнан шундай майда ҳолатлар муҳокама қилинади.
Мана, яқинда Бош прокуратура ходими 29 минг АҚШ доллари билан қўлга тушди. Ҳар ҳолда “мулла акам” тадбиркордан бунча пулни сўраганларига қараганда, биринчи марта бу ишга қўл урмаётгандек кўриндилар. Ва албатта, шериклари ҳам бўлса керак деган гумон пайдо бўлади кишида. Хуллас, жамиятда пора олиш ва бериш бор. ТВда айтилаётган баландпарвоз гаплар билан одамлар орасидаги гаплар орасида ер билан осмонча фарқ борлиги ҳам бунинг исботи.
Гапнинг индаллоси, юқоридаги видееоплеер ёки қуйида сўровномани томоша қилинг. Пора берганларнинг ҳаяжонли фикрлари сизга ҳам қизиқ бўлиши аниқ.
LiveБарчаси