Поп-корн сотувчисидан 100 минг сўм пора олган инспекторга суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
15 Март
7493Тошкент шаҳрида “попкорн” сотувчилардан пора олган профилактика инспекторига суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Қайд этилишича, ҳолат Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Суд ҳужжатига кўра, 1992 йилда туғилган А.А. Чилонзор тумани ИИБ 2-сон УКДда профилактика инспектори лавозимида ишлаган. Ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, у 2024 йил 24 август куни Magic City парки кириш қисмида “попкорн” сотиш билан шуғулланувчи фуқарони ИИБга олиб бормаслик эвазига 100 минг сўм талаб қилган. Профилактика инспектори мазкур маблағни шахсий банк картасига ўтказишни сўраган.
Бундан ташқари, А.А. фуқаро А.Н.га Magic City парки ва “Халқлар дўстлиги” санъат саройи ҳудудида “попкорн” сотувчи 4 нафар ишчини “ҳимоя” қилиб беришини айтган. Яъни, у уларга нисбатан чора кўрмаслик, рейдлар ҳақида огоҳлантириш ва қўлга тушган тақдирда енгил жазо тайинлашни ваъда қилган. Бу хизмат учун у 2024 йил 13 сентябрь куни фуқаро А.Н.дан 1,5 миллион сўм пора олган.
Шундан сўнг, фуқаро А.Н. Тошкент шаҳар ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг ишонч телефонига мурожаат қилган. Унинг мурожаати асосида ўша куннинг ўзида шахсий хавфсизлик ходимлари профилактика инспекторидан 1,5 миллион сўмни ашёвий далил сифатида олиб қўйган.
Профилактика инспектори судда айбини тан олмаган. У 1,5 миллион сўмни аслида попкорн сотиш бизнесига киритган инвестицияси эканини айтган. Шунингдек, унинг банк картасига 100 минг сўм ўтказган ёш йигитни танимаслигини билдирган.
Аммо, гувоҳлар кўрсатмалари ва бошқа далиллар унинг қилмиши тасдиқлаган.
Суд А.А.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “а” банди бўйича айбдор деб топди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва 2 йил давомида ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Тайинланган жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб ҳисобланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Бектемир туманида пора билан қўлга тушган ИИО ФМБ терговчисига суд ҳукми ўқилганди.
LiveБарчаси