Покистонга жавоб. Ҳиндистон ҳам янги қуроллар ишлаб чиқмоқчи
Олам
−
15 Август 2025 4526 2 дақиқа
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат 2035 йилга келиб “Sudarsan Chakra” (замонавий технологик қалқон) номли илғор қурол тизимини ишлаб чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 15 август куни мамлакат мустақиллик куни муносабати билан халққа қилган мурожаатида сўз очди.
Бу тизим шаҳарлар ва стратегик объектларни ҳимоя қилишга мўлжалланган бўлиб, илғор кузатув, ҳужумни тўхтатиш ва қарши зарба бериш имкониятларини бирлаштиради. Бу эса ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан келадиган таҳдидларни бартараф этишга имкон беради.
“У нафақат террорчилик ҳужумларига қарши туради, балки жавоб зарбаси ҳам беради”, деган Моди.
Ўз нутқида Бош вазир уруш характери ўзгариб бораётганини ва Ҳиндистон бунга тайёр бўлиши кераклигини айтган. У май ойида Ҳиндистон Покистон томондан уюштирилган ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумларини қайтарган “Синдур” операциясини эслатиб ўтган.
Моди “Sudarsan Chakra” ҳақида батафсил маълумот бермаган. Нашр мутахассисларнинг фикрига таяниб, ушбу тизим Исроил армияси 2011 йилдан буён жанговар навбатчиликда ишлатаётган “Темир гумбаз”га ўхшаш бўлишини ёзган. “Темир гумбаз” 155 миллиметрли калибрдаги қисқа масофали бошқарилмайдиган ракеталар, миномёт снарядлари ва артиллерия ўқларини йўқ қилишга мўлжалланган. АҚШ ўзининг “Олтин гумбаз” номли ракетага қарши мудофаа тизимини яратишда “Темир гумбаз”дан илҳомланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакат Қуролли кучлари таркибида янги ракета қўшинлари тузилиши ҳақида айтганди. Шарифнинг айтишича, бу қўшинлар замонавий техника билан жиҳозланади ва улар Покистон армияси жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги янги босқич бўлади. Хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали мансабдорнинг сўзларига кўра, бу қўшинларнинг ўз қўмондонлиги бўлади. У ракеталар аниқ равишда Ҳиндистонга мўлжалланганини таъкидлаган.
Live
Барчаси