Покистондаги тўйда портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
24 Январь 1771 2 дақиқа
Кеча, 23 январь куни Афғонистон чегарасига яқин ҳудуддаги тўй маросимида портлаш содир бўлди. Худкушлик ҳужуми оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция ходими Муҳаммад Аднанга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Дера-Исмоил Хон туманида тўй маросими вақтида “Тинчлик қўмита”си аъзолари жойлашган бинода портлаш юз берган. Полиция ходимининг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида ўнга яқин киши жароҳатланган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Мазкур қўмита маҳаллий аҳоли ва оқсоқоллардан иборат бўлиб, Исломобод томонидан Афғонистон чегараси бўйлаб жойлашган ҳудудларда жангариларга қарши курашади. Афғонистон чегарасининг ҳар икки томонида фаолият юритувчи “Покистон Толибон” ҳаракати (Теҳрик-э-Толибон Покистон) “Тинчлик қўмита”си аъзоларини “хоинлар” деб атаб келади.
“Покистон Толибон” ҳаракати бир нечта жангари гуруҳлардан иборат бўлиб, 1997 йилдан буён давлатга қарши кураш олиб бормоқда. Уларнинг эълон қилинган мақсади Покистондаги бошқарув тизимини қатъий ислом қонунлари асосида ўзгартиришдан иборат.
Исломобод Афғонистон “Толибони”ни мамлакат ҳудудидан ҳужумларни режалаштиришга рухсат бераётганликда айблайди. Қобул эса бу даъволарни рад этиб, жангарилик Покистоннинг ички муаммоси эканини даъво қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Покистон ва Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси