Покистондаги теракт қурбонлари сони ошмоқда
Олам
−
09 Ноябрь
2978Покистоннинг Кветта шаҳрида содир этилган терактда ҳалок бўлганлар сони 24 тага етди, 46 киши жароҳат олди. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар берди.
Аниқланишича, портлаш маҳаллий вақт билан соат 08:25 да Jaffer Exspress поeзди Кветтадан Пешаварга жўнаб кетишидан олдин содир бўлган. Ўз жонига қасд қилган киши юк билан станцияга кириб, темирйўл вокзали кассаси ёнида, одамлар гавжум бўлган жойда террорчилик ҳужумини амалга оширган.
“Кветта темирйўл станциясида террорчилик ҳужуми оқибатида 24 киши ҳалок бўлди ва 46 киши яраланди”, дейди Кветта комиссари Ҳамза Шафкат.
Шунингдек, портлашда тинч аҳолидан ташқари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ҳокимияти вакили жамоатчиликни террорчилик ҳужуми содир бўлган жойга ёки ярадорлар жойлашган шифохонага бормасликка чақириб, “бундай ҳодисаларда икки марта ҳужум қилиш хавфи борлигини” таъкидлаган.
“Биз шаҳарни ўраб олдик ва текширмоқдамиз. Ҳар қандай йиғилиш тақиқланади”, дея қўшимча қилди комиссар.
Расмийларга кўра, портлаш учун жавобгарликни “Балужистон озодлик армияси” террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси