Покистонда темирйўл вокзалида даҳшатли портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
09 Ноябрь
5036Бугун, 9 ноябрь куни Покистоннинг Балужистон вилояти Кветта шаҳридаги темирйўл вокзалида содир бўлган портлаш оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди ва 30 киши яраланди. Бу ҳақда “Geo” хабар берди.
“Ҳодиса худкушлик портлашига ўхшайди, аммо буни аниқ айтиш учун ҳали эрта”, деди полиция катта бошлиғи Муҳаммад Балох.
Қайд этилишича, портлаш маҳаллий вақт билан соат 09:00 да “Jaffer Express” поезди Кветтадан Пешоварга йўл олиш арафасида содир бўлган.
Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, бир неча жароҳатланганларнинг аҳволи оғир бўлгани учун қурбонлар сони янада ортиши мумкин.
Балужистон ҳукумати вакили Шоҳид Ринднинг билдиришича, полиция ва хавфсизлик кучлари воқеа жойига етиб борган. Портлашнинг келиб чиқиш сабаблари текширилмоқда ва мутахассислар ҳодиса жойида далилларни йиғишга киришган. Шунингдек, шифохоналарда фавқулодда вазият режими жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг жануби-ғарбий провинцияси Балужистонда содир этилган терактлар оқибатида камида 73 киши ҳалок бўлган эди.