Покистондаги мактабда фожиа: қурбонлар 35 кишига етди, директор қўлга олинди
Олам
−
14:31 1057 2 дақиқа
Покистоннинг Пешавор шаҳрида мактаб томи қулаб тушиши оқибатида 34 нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Geo News” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 15 октябрь куни эрталаб, мактабда дарслар давом этаётган вақтда содир бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни олиб чиқиш учун тўрт-беш соат давомида ишлаган.
Расмийларнинг маълум қилишича, вайроналар остида қолган барча одамлар қутқариб олинган. Ҳалок бўлган болаларнинг аксарияти 13 ёшга ҳам тўлмаган. Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, биринчи қаватдаги синфхона устига иккинчи қаватдаги синфхона конструкцияси қулаб тушган.
Ҳодиса вақтида ҳар икки хонада ҳам ўқувчилар бўлган. Дастлаб ўқувчиларнинг тўрт нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик шифохона маъмурияти 33 нафар марҳумнинг жасади олиб келинганини, яна икки жасад бошқа шифохонага етказилганини маълум қилган. Ҳалок бўлганлар орасида уч нафар қиз ва бир нафар аёл ўқитувчи ҳам бор.
Дастлабки маълумотларга кўра, мактаб биноси қурилишида сифатсиз материаллардан фойдаланилган бўлиши мумкин. Полиция ходимларидан бири томнинг конструкцияси болаларнинг оғирлигига бардош бера олмаганини билдирган. Том қурилишида темир тўсинлар ва ёғоч тахталардан фойдаланилгани айтилмоқда.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган. Мактаб эгаси Хон Муҳаммад қурилишда сифатсиз материаллардан фойдаланиш гумони билан қўлга олинган. У ҳодисага бир неча кун давом этган ёмғир сабаб бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, мактаб биноси тахминан бир ярим йил аввал қурилган. Мактаб эгаси ҳодиса содир бўлишидан олдин ўқув хонасига кирганини, том қулагач, ўқитувчиларни чақириб, болаларни эвакуация қилишга киришганини билдирган.
Директорнинг айтишича, қулаб тушган хонада тахминан 30 нафар бола бўлган. Мактабда жами 350 нафар ўқувчи таҳсил олган. Бироқ полиция маълумотига кўра, том қулаб тушган вақтда бино ичида 110-115 нафар бола бўлган. Ҳодиса ортидан Хайбар-Пахтунхва вилояти губернатори Файсал Карим Кунди воқеа юзасидан масъул идоралардан ҳисобот талаб қилган. Шунингдек, у жароҳатланган болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатишни топширган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилади. У масъул идораларга қутқарув ишларини жадаллаштириш ва жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатишни буюрган.
Мамлакат Бош вазирининг ўринбосари Ишоқ Дар, Миллий ассамблея спикери Сардор Аёз Содиқ ҳамда Покистон Халқ партияси раиси Биловал Бҳутто Зардорий ҳам фожиадан қайғуда эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Пешовар шаҳрида хусусий мактаб томи қулаши оқибатида 17 нафар ўқувчи ва бир ўқитувчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь