Покистонда вертолёт қулаб тушди. Қурбонлар бор
Олам
−
28 Сентябрь
1961Покистонда Ми-8 вертолёти қулаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди ва 8 киши оғир жароҳат олди. Бу ҳақда “Geo” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятида 14 йўловчини олиб кетаётган вертолёт ҳалокати оқибатида камида 6 киши қурбон бўлди ва 8 киши оғир жароҳат олди. Ми-8 вертолёти "Mari Petroleum Limited" компаниясига тегишли бўлиб, техник носозлик туфайли қулаб тушган.
Қайд этилишича, вертолёт шахсий транспорт хизмати кўрсатаётган вақтда нефть конларидан бири яқинида қулаб тушган. Ҳалокатга техник муаммо сабаб бўлган ва вертолёт фавқулодда қўнишга уриниш вақтида орқа винти ерга текканидан сўнг ҳалокатга учраган. Қурбонлар орасида уч нафар рус учувчиси ҳам борлиги айтилмоқда.
“Ҳозирда Покистон армияси ва бошқа қутқарувчилар ёрдам ишларини олиб бормоқда ҳамда жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохонага етказилмоқда”, дейилади хабарда.
Воқеа бўйича суриштирув ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Амур вилоятида ғойиб бўлган Robinson вертолётининг қулаши оқибатида уч киши ҳалок бўлган эди.