Покистонда ҳаво ифлосланиши ортидан жиддий чоралар кўрилмоқда
Олам
−
09 Ноябрь
1341Покистоннинг кенг шарқий ҳудудларидаги ҳокимият органлари кеча, 8 ноябрь куни рекорд даражадаги тутун туфайли мактаблар ва давлат идоралари ортидан барча боғ ва музейларни ҳам ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу янги чекловлар Панжоб вилоятининг Лаҳор каби йирик шаҳарларини ўз ичига олган 18 та туманида ўн кун давомида амал қилади. Лаҳорда ифлос ҳаво осмонни қоплаб, кўрувчанликни тахминан 100 метрга чеклаб қўйган.
Чеклов барча жамоат боғлари, ҳайвонот боғлари, музейлар, тарихий жойлар ва болалар майдончаларига тааллуқли. Мактаблар ва давлат идоралари эса 17 ноябргача ёпилган.
Ўтган ойдан бери 14 миллион аҳолига эга Лаҳор ва Панжобнинг бошқа ҳудудлари “ёвуз тутун” ичида қолган ва соғлиқни сақлаш мутасаддиларига кўра, 30 мингдан ортиқ одам тутун таъсир кўрсатган туманларда нафас йўллари касалликларидан даволанмоқда.
Панжоб Табиатни муҳофаза қилиш департаменти матбуот котиби Сажид Баширнинг айтишича, янги чекловлар одамларни уйда қолишга ундаш ва уларни рекорд даражадаги ҳаво ифлосланишидан яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида киритилган.
“Акс ҳолда ота-оналар ва болалар бу жойларга ташриф буюраётган эди. Биз одамларни уйда қолишга ва кераксиз сафарлардан сақланишга чақирамиз”, деди Башир.
Кеча, 8 ноябрь куни Лаҳорда барча бозорлар ва тўйхоналарни кечки пайт ёпишга буйруқ берилган. Баширнинг билдиришича, шу куни Лаҳор дунёдаги энг ифлос шаҳарга айланган ва ҳаво сифати индекси 600 дан юқори кўрсаткичларни қайд этган. Бунда 300 дан юқори кўрсаткичлар соғлиқ учун хавфли ҳисобланади. Шаҳарда қайд этилган энг юқори кўрсаткич чўққиси 6 ноябрь куни 1100 дан ошган.
“Лаҳор ҳавосидан ниқобсиз нафас олиш кунига бир неча пачка сигарет чекишга тенг”, дейди доктор Ҳафизур Раҳмон.
Мактаблар ёпилиши хусусий ва давлат мактабларининг вакилларига кўра, 20 миллиондан ортиқ ўқувчининг таълим олишига таъсир қилади.
“Save the Children” хайрия ташкилотининг Покистон бўйича директори Хурам Гондал ҳукуматни болалар келажакда дарсларни ўтказиб юбормаслиги учун ифлосланиш муаммосини бартараф этишга қаратилган узоқ муддатли ечимларни тезроқ амалга оширишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лаҳорда кучли ҳаво ифлосланиши сабабли мактаблар 1 ҳафтага ёпиб қўйилган эди.
LiveБарчаси