Покистон Афғонистон ҳудудига зарба берди
Олам
−
25 Декабрь
9044Покистон ҳарбий самолётлари Афғонистоннинг шарқий Пактика вилояти Бармал туманига ҳаво ҳужуми уюштирди. Оқибатда 15 киши, жумладан, болалар ва аёллар ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Khaama Press” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 24 декабрь куни кечаси Бармал тумани ҳудудидаги етти қишлоққа бир вақтнинг ўзида ҳаво зарбалари берилган. Ламан қишлоғи бутунлай вайрон қилинган, туман марказидаги бозор ҳам зарар кўрган. 15 киши, жумладан, болалар ва аёллар ҳалок бўлган. Кўплаб одамлар жароҳат олган. Уларнинг сони ортиши мумкин, чунки ҳануз вайроналар остида қолганлар бор.
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати мудофаа вазирлиги Покистоннинг бу ҳаракатларини кескин қоралаган ва ҳаракатни халқаро нормалар бузилиши сифатида таърифлаган. Шунингдек, бу ҳужумлар “ҳеч қандай муаммонинг ечими бўлмаслигини” таъкидлаб, мазкур воқеа жавобсиз қолмаслигини маълум қилган.
Нашрга кўра, ҳужумнинг асосий мақсади Покистоннинг Вазиристон ҳудудидан ўтган қочқинлар бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг шимоли-ғарбий минтақасидаги Афғонистон чегараси яқинидаги қуролли тўқнашувларда 6 нафар ҳарбий ва 22 нафар жангари ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси