PKK тугатилишига яқин қолди – Эрдўған

Олам

image

Туркияда муҳолиф Курдистон ишчилар партияси (PKK)ни тарқатиб юбориш жараёнлари тезлаштирилди. Бу ҳақда кеча, 24 июнь кукни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркия ўтган йил ноябрь ойида янги ҳуқуқий механизм яратиш режаларини эълон қилган, аммо мамлакатдаги курд сиёсатчилари ҳукуматни бу борада жуда секин ҳаракат қилаётганликда айблаган.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, давлатнинг асосий тамойиллари ва халқ қадриятларига путур етказмаган ҳолда мазкур муаммони ҳал этиш имконияти мавжуд ҳамда тезлаштиришга доир зарур муҳокамалар якунлангач, тегишли қонун лойиҳаси қисқа муддат ичида парламент муҳокамасига киритилади.

“Биз ташкилотни тарқатиб юбориш жараёнини тезлаштирувчи ҳуқуқий асос устида ишлаяпмиз. Зарур муҳокамалар якунлангач, мазкур қонун лойиҳасини ортиқча кечиктирмасдан парламентга тақдим этамиз. Давлатимизнинг хусусиятлари ва халқимизнинг қадриятларидан воз кечмаган ҳолда бу муаммони ҳал қилиш имкониятига эгамиз, деб ишонаман”, деган Эрдўған ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (Оқ партия) депутатлари олдида қилган чиқишида.

Шунингдек, у жараённинг муҳим қисми ҳисобланган суриялик курд қуролли гуруҳларини Сурия давлат тузилмаларига интеграция қилиш ишлари ҳам илгарилаб бораётганини таъкидлаган.

Хорижий манбаларнинг қайд этишича, сўнгги ойларда Эрон уруши ва минтақадаги беқарорлик хавотирлари туфайли мазкур жараён секинлашган эди. Бу қадам эса Туркия давлати ва PKK ўртасидаги тинчлик жараёнида муҳим силжиш бўлиши мумкин.

Маълумот учун, PKK 1984 йилдан бери Туркиянинг жануби-шарқида қуролли кураш олиб бориб келади. Ташкилот дастлаб мустақил курд давлатини барпо этишни мақсад қилган бўлса, кейинчалик автономия ва курдларнинг сиёсий ҳуқуқларини кенгайтириш талабларини илгари сурган.

Туркия ва унинг ғарбий иттифоқчилари томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган PKK раҳбари Абдуллоҳ Ўжалоннинг чақириғидан сўнг, 2025 йил май ойида қурол ташлаш ва ўзини тарқатиб юбориш ҳақида қарор қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари, кеча, 23 июнь куни ўтказилган терроризмга қарши операциялар давомида 209 кишини ҳибсга олганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг