Туркияда катта тозалаш: 209 киши терроризмга қарши рейдларда ушланди

Олам

image
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари, кеча, 23 июнь куни ўтказилган терроризмга қарши операциялар давомида 209 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Anadolu” ахборот агентлиги хабар берди.

Рейддан бир кун аввал Туркия ҳукумати келаси ой шаҳарда бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан барча оммавий йиғилишларга чекловлар жорий этган эди. Анқара бош прокуратурасининг маълум қилишича, бир нечта қуролли гуруҳлар фаолиятига оид терговлар доирасида 241 нафар гумонланувчини қўлга олиш бўйича ордер берилган. Ҳозирга қадар 209 киши ушланган, қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Прокуратура операциялар террорчи ташкилотлар фаолиятини фош этиш мақсадида ўтказилганини билдирган. Баёнотда НАТО саммити билан боғлиқлик ҳақида маълумот берилмаган.

Прокурорнинг гумондорларни ҳибсга олиш тўғрисидаги қароридан сўнг, полиция гуруҳлари Истанбул, Анқара, Ҳатай, Измир, Эрзинжан, Текирдағ, Анталия ва Кожаэли шаҳарлари – жами 46 та манзилда бир вақтнинг ўзида операциялар ўтказган. Операция давомида 24 гумондор қўлга олинган, манзилларни тинтув қилиш чоғида кўплаб ташкилий ҳужжатлар ва рақамли материаллар мусодара қилинган.

“Reuters”нинг қайд этишича, ҳибсга олинганлар орасида журналист ва LGBT ҳуқуқларининг фаоли Йилдиз Тар, мухолиф партия сиёсатчилари ҳамда бир нечта адвокатлар борлиги айтилмоқда. Прогрессив ҳуқуқшунослар ассоциацияси ўзининг уч нафар аъзоси қўлга олинганини маълум қилган.

Расмийлар алоҳида гумонланувчиларга қўйилган айбловлар тафсилотларини ошкор қилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўра, ҳибсга олинганларнинг адвокатлар билан учрашиш имконияти 24 соатга чекланган.

Мухолифат ва фуқаролик жамияти вакиллари эса рейдларни Туркияда демократия ва фуқаролик эркинликларига босимнинг давом этиши сифатида баҳолаган. Курдпараст DEM партияси НАТО саммитининг тайёргарлиги демократик фаолият ва асосий эркинликларни чеклаш учун баҳона сифатида ишлатилаётганини билдириб, барча ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Анқара губернаторлиги 28 июндан 10 июлгача намойишлар, матбуот анжуманлари ва бошқа оммавий тадбирларни тақиқлаганди. Расмийлар бу қарорни 7–8 июль кунлари ўтказиладиган НАТО саммити хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда янги автомобиль олган 4 миллионга яқин фуқаро текширилган эди.

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг