Пиёда юриш чекишни ташлашга ёрдам беради
Саломатлик
−
26 Октябрь
1565Пиёда юриш шамоллаш ва юрак касалликларини енгишга ёрдам беради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Пиёда юриш энг осон ва қулай машғулот бўлиб, барча ёшдаги инсонлар учун тавсия этилади. У нафақат жисмоний саломатликка, балки руҳий ҳолатга ҳам ижобий таъсир этади.
Инсон ўзини ҳар томонлама соғлом ҳис қилиши ва ташқи кўринишининг кўркам бўлишида пиёда юришнинг аҳамияти катта. Сабаби яёв юрилганда гавданинг барча мускуллари ҳаракатга келади. Қолаверса, бу машғулот ички органлар фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади.
Натижада организмда моддалар алмашинуви яхшиланиб, юрак томирлари, шунингдек, нафас ва асаб тизими мустаҳкамланади. Эрталаб ишга кетадиган пайт пиёда юриш ҳам жуда фойдали. Бу вақтда инсон кечаси ухлаб, дам олгани сабабидан тўхтамай 30-40 дақиқа бемалол яёв кеза олади.
“Ишхонадан чарчаб чиққандан кейин ҳам имкон бўлса, автобус ёки автомашинага чиқишга шошилманг. Йўлнинг бир қисмини пиёда босинг. Чунки фаол ҳаракат қилиш одамни тинчлантиради, кишининг чарчоғини олади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилинса, қон босими меъёрда бўлади. Инсон тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласа, 15 дақиқада 100 ккалдан халос бўлади.
Чекишни ташлашни истаганлар ҳам хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқолади. Пиёда юриш ўт пуфаги ҳамда ичакларнинг тўлқинли ҳаракатлари ошиши туфайли ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади.
Ўтказилган тадқиқотларга кўра, доимий пиёда юрган инсонлар шамоллашни тезроқ енгиб ўтади. Чунки у иммунитетни мустаҳкамлайди. Таҳлилларга қараганда, ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлади. У юрак-қон томирлар тизими – вегетатив асаб тизимининг ҳолатига таъсири орқали қон босимини камайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди.
Бир сўз билан айтганда пиёда сайр қилишни одатга айлантириш танадаги кўплаб муаммоларга ечим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти колбаса, дудланган мол гўшти, сосиска ва шу сингари қайта ишланган гўшт маҳсулотлари онкологик касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси