2050 йилга бориб кўкрак бези саратони 3,5 миллионга етиши мумкин
Олам
−
03 Март 454 2 дақиқа
2050 йилга бориб дунёда кўкрак бези саратони билан боғлиқ янги ҳолатлар сони 3,5 миллионга етиши мумкин. Бу 2023 йилга нисбатан қарийб учдан бир қисмга кўп дегани. Йиллик ўлим ҳолатлари эса 44 фоизга ошиб, 1,4 миллионга чиқиши кутилмоқда. Бу асосан аҳоли сонининг ортиши ва қариши билан боғлиқ. Бу ҳақда “The Lancet Oncology” журналида янги таҳлил чоп этилди.
Кўкрак бези саратони ҳозир ҳам аёллар ўртасида энг кенг тарқалган онкологик касаллик бўлиб, 2023 йилда ҳар тўртта саратон ташхисидан бири шу турга тўғри келган. 204 та давлат ва ҳудудни қамраб олган таҳлил 1990–2023 йиллар динамикасини ўрганиб, 2050 йилгача бўлган прогнозларни тақдим этган.
Хавф омиллари: турмуш тарзи ва озиқланиш
“Institute for Health Metrics and Evaluation” маълумотларига кўра, 2023 йилда кўкрак бези саратони 764 минг ўлим ва 24,1 миллион “соғлом ҳаёт йиллари йўқотилиши”га сабаб бўлган. Хавф омилларининг катта қисми ўзгартириш мумкин бўлган турмуш тарзи билан боғлиқ.
Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, глобал юкламани 28 фоизи турмуш тарзига алоқадор омиллар ҳиссасига тўғри келади. Қизил гўштни кўп истеъмол қилиш соғлом ҳаёт йилларининг тахминан 11 фоиз йўқотилишига сабаб бўлган. Шунингдек, тамаки чекиш, қонда шакар миқдорининг юқорилиги, ортиқча вазн, алкогол истеъмоли ва жисмоний фаолликнинг пастлиги ҳам асосий хавф омиллари сифатида қайд этилган.
Ривожланган ва кам даромадли мамлакатлар ўртасида тафовут
Сўнгги ўттиз йилда юқори даромадли мамлакатларда ўлим ва касаллик кўрсаткичлари қарийб 30 фоизга камайган. Бироқ улар ҳали ҳам глобал ўлим ҳолатларининг 61 фоизини ташкил этмоқда. 2023 йилда ушбу ташхис энг юқори бўлган давлатлар қаторида Монако, Андорра, Франция, Германия ва Ирландия қайд этилган. Юқори кўрсаткичлар ҳар доим ҳам салбий манзарани англатмайди, ривожланган мамлакатларда эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятлари кенг.