Ўпка саратони ҳужайраларини йўқ қилишга қодир бактерия топилди

Саломатлик

−

visibility2005 timer2 дақиқа

image

Манхэттен тупроғидан ажратиб олинган Bacillus туркумига мансуб микроорганизмлар лаборатория шароитида ўсмаларнинг уч ўлчамли моделларига қарши самарали бўлган заҳарли бирикмалар ишлаб чиқаради. Бу ҳақдаги тадқиқот “ScienceAlert”да эълон қилинди.

Қайд этилишича, Нью-Йоркнинг жамоат хиёбонлари тупроғидан йиғилган бактериялар одам ўпка саратони ҳужайраларини йўқ қилиш хусусиятига эга заҳарли моддалар ишлаб чиқаради. Онкобиолог Дхруба Деб раҳбарлигидаги Колумбия университети тадқиқотчилари ана шундай хулосага келган. 

Олимлар Манхэттендаги 25 та хиёбондан тупроқ намуналарини олиб, улардан 17 та бактерия культурасини ажратиб олган. Лаборатория шароитида барча 17 намуна ўстирилган ўпка саратони ҳужайраларини ўлдирадиган бирикмалар ишлаб чиқариш қобилиятини намойиш этган, бироқ уларнинг таъсир кучи сезиларли даражада фарқ қилган. Генетик кетма-кетликни аниқлаш шуни кўрсатдики, ажратиб олинган штаммларнинг 80 фоиздан ортиғи Bacillus туркумига мансуб.

Кейинги синовлар одам лимфомаси, сичқонларнинг йўғон ичак саратони ҳужайраларига ҳамда реал ўсмаларга тақлид қилувчи ўпка саратонининг уч ўлчамли сфероидларига нисбатан ҳам цитотоксик таъсир кўрсатган тўртта алоҳида Bacillus штаммини ажратиб олиш имконини берган. Тахминларга кўра, иккита штамм йирик оқсил токсинларини, қолган иккитаси эса кичикроқ бирикмаларни синтез қилади. Энг кучлиси B. wiedmannii штамми бўлиб, унинг фаоллиги эҳтимол гемолизин BL оқсил токсини билан боғлиқ, B. thuringiensis таъсири эса паст молекуляр бета-экзотоксин билан изоҳланади. 

Шу билан бирга, юқори токсиклик туфайли бактерияларнинг ўзи ўсма сфероидлари ичида ўрнашиб қола олмаган. Шунинг учун муаллифлар келажакда уларнинг генларини ўсма ичига етказиб бера оладиган зарарсиз пичан таёқчаси – B. subtilis’га кўчириб ўтказишни таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ археологлар Жанубий Сибирдаги қарийб 2 800 йиллик қабрдан қадимда “каннабис“нинг психоактив таъсиридан фойдаланилганини тасдиқловчи далилларни топгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг