Пит Ҳегсет Эроннинг янги Олий раҳнамоси майиб бўлганини айтди (видео)
Олам
−
13 Март 4721 2 дақиқа
Эроннинг янги Олий раҳнамоси Саййид Мужтабо Хоманаий “яраланган ва катта эҳтимол билан майиб бўлган” (юзи/танаси шикастланган). Бу ҳақда бугун, 13 март куни АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ҳегсет журналистларга Мужтабо Хоманаий омма олдида кўриниш бермаётгани сабабли, катта эҳтимол билан унинг юз қиёфаси шикастланганини айтди.
“Бизга маълумки, янги “унчалик ҳам олий бўлмаган” раҳнамо яраланган ва эҳтимол, майиб бўлиб қолган”, дейди Пит Ҳегсет.
Ҳегсет кеча, 12 март куни Эрон давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган Мужтабонинг ёзма баёнотига ишора қилиб, нима учун унинг иштирокидаги видео ёки аудиоёзув йўқлиги билан қизиққан.
“Ўйлайманки, бунинг сабабини ўзингиз яхши биласиз”, дейди у.
АҚШ Мудофаа вазири Мужтабонинг “қўрқиб қолгани“ ва “ярадор” эканини даъво қилмоқда. Ҳегсетнинг сўзларига кўра, Олий раҳнамо “қочиб юрибди” ва “қонуний асосга эга эмас”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 март куни Эроннинг янги Олий раҳнамоси илк расмий баёнот билан чиққанди. У можаро давом этган тақдирда ва Эрон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, АҚШ ва Исроилга қарши урушда янги фронтлар очиш имкониятини инкор этмаган.
Олдинги раҳнамо Али Хоманаий – Можтабо Хоманаийнинг отаси – 28 февраль куни Исроил ва АҚШнинг Ислом Республикасига берган зарбалари оқибатида ҳалок бўлган эди. Мамлакат расмийлари унинг ўлимини 1 мартга ўтар кечаси тасдиқлаган.
Live
Барчаси