Пезешкиён Эрон пойтахтини кўчиришни таклиф қилди
Олам
−
08 Сентябрь
14673Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён мамлакат пойтахтини Теҳрондан Форс кўрфази соҳилларига кўчириш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Fars News” xabar berdi.
“Мамлакат пойтахти сифатида Теҳрон муаммоларга дуч келмоқда, бизда пойтахт марказини кўчиришдан бошқа чорамиз йўқ. Агар биз Теҳрондан ресурслар олиб келишни давом эттирмоқчи бўлсак, жануб ва денгиз томондан келтирамиз. Кейин уларни маҳсулотга айлантириб, экспорт учун яна жанубга жўнатамиз, бу бизнинг рақобатбардошлигимизни тобора пасайтиради”, деган Пезешкиён.
Пезешкиённинг сўзларига кўра, танловдан сўнг барча давлат идоралари янги пойтахтга кўчирилади, шундан сўнг теҳронликларга янги пойтахтга кўчиб ўтиш имконияти берилади. Унинг таъкидлашича, одамлар уларга эргашиши учун ҳокимият биринчи қадамни қўйиши керак.
“Теҳронни ҳозирги муаммолари билан ривожлантиришга уриниш – вақтни беҳуда сарфлаш”, дейди у.
Муаммолар қаторида Президент сув танқислиги, ҳавонинг ифлосланиши ва тупроқнинг чўкишини тилга олган. Бироқ, кўпчилик экспертлар пойтахтни кўчиришга пул сарфлагандан кўра, Теҳроннинг самарасиз ва эскирган инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, биноларни зилзилаларга қарши мустаҳкамлаш яхшироқ ,деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Масъуд Пезешкиён парламент йиғилишида Эрон оғир иқтисодий шароитда ва бундан кўплаб фуқаролар норозилигини маълум қилганди. Унда Пезешкиён расмийлар мамлакатда қашшоқликни камайтиришга ҳаракат қилишда давом этишини таъкидлаган. Шунингдек, Эрон Президенти мамлакатга қарши таҳдидлар ҳақида тўхталиб, асосий хавф АҚШ томонидан бўлаётганини билдирди.