Перулик шаманлар эртанги ўйин олдидан Неймарни дуоибат қилди
Спорт
−
12 Сентябрь 2023
6919Перуда шаманлар бразилиялик футболчи Неймарга қарши турли маросимлар ўтказди. Бу ҳақда “El Diario” хабар берди.
Гап шундаки, эртага, 13 сентябрь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 2-турида Бразилия ва Перу терма жамоалари ўзаро тўқнашади. Мазкур учрашув олдидан 10 нафар перулик шаман кўришиб, мамлакат терма жамоасига ёрдам бериш учун махсус маросим ўтказган.
Манбага кўра, маросимда шаманлар бразилиялик ҳужумчининг турли расмларини афсунлаган ва бу Неймарнинг эртанги ўйиндаги фаоллигини йўққа чиқаради.
“Биз Неймарнинг оёғини боғлаб, зарарсизлантирдик. Энди унинг физикаси буткул йўқолади ва майдонда ёмон ўйин кўрсатади. Унинг онги хиралашиб, нима хоҳлаётганини ҳам билмай қолади”, дейди шаман Феликс Рондан.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш турнирининг 1-тури доирасидаги учрашувда Боливия терма жамоасини қабул қилган эди. Учрашувда мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Неймар ўйиннинг 61 ва 90+3 дақиқасида гол урди ва бу билан терма жамоадаги голлари сонини 79 тага етказиб қўйди.