Перуда минг йиллик мумиёлар топилди
Бу қизиқ
−
23 Ноябрь 2023
5155Перуда ҳар бири минг ёшдан ошган бешта мумиё, шунингдек, эрамиздан аввалги 3500-йилларга оид зинапоялар топилди. Бу ҳақда “Andina” агентлиги хабар берди.
Археологлар топилмаларни Лима провинциясидаги Римак дарёси яқинида аниқлаган. Ҳуака-Ла Флорида археологик ёдгорлиги ҳудудида иш олиб бораётган археологлар, эҳтимол, тўрт нафар бола ва бир катта ёшли кишининг мумиёланган жасадларини топган. Уларнинг барчаси Инкалардан олдин мавжуд бўлган қадимги Манчай маданиятига тегишли, деган версия мавжуд.
Қайд этилишича, ўша даврда яшаган одамлар қуёш чиқаётган томонга қараган "U" шаклидаги ибодатхоналар қурган ва қурбонликлар келтирган.
Бундан ташқари, мумиёлардан унчалик узоқ бўлмаган жойда милоддан аввалги 3500 йилга оид зинапоя топилган. Қазиш жойига Перу Маданият вазири Лесли Уртеага ҳам борган.
Вазирнинг айтишича, мумиёлар қўшимча ўрганиш учун жорий йилнинг охиригача топилган жойдан олиб ташланади. Қайд этилишича, археологлар мумиёлар билан бирга дафн маросими боғламларида топилган тўқималарнинг таркибий қисмларини таҳлил қилишни режалаштирмоқда.
“Эндиликда маҳаллий хизматлар қазиш ишлари олиб борилган майдонни ёмғирдан ва ёмон об-ҳавонинг бошқа оқибатларидан ҳимоя қилиш устида ишламоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Перуда қадимий "куйловчи" рақс майдончаси топилган. Унинг ўзига хослиги шаклидадир: у шундай ясалганки, унинг устида ҳаракатланганда барабан чалишни эслатувчи товуш пайдо бўлади. Қазишмалар шуни кўрсатдики, платформа тўрт қатламдан иборат. Зарба товушини яхшилаш учун қурувчилар турли материаллар билан тажриба ўтказдилар. Аргентинадаги Буэнос-Айрес университети Маданият институти археологи Кевин Лейннинг айтишича, рақс майдончаси маросимлар учун ишлатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Перунинг Сан-Кристобаль-де-Уаманга миллий университетининг тадқиқотчилари Аякучо минтақасидаги Вилкас-Хуаман провинциясида жойлашган Паллавча-Пампа текислигида инсон қолдиқлари бўлган еттита қабрни топганди. Мексика Конгрессида эса Перудаги археологик қазишмалар пайтида топилган ўзга сайёраликлар деб тахмин қилинган жасадлар намойиш этилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь