Пентагоннинг Украина учун маблағлари 30 декабрда тугайди – “Bloomberg”

Олам

image

Пентагон АҚШ Конгресси Украинага қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, унинг Киевга ёрдам бериш имконияти 30 декабрда тугаши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари, молиявий масалалари учун масъул вакил Майкл Маккорднинг мактубига таяниб, “Bloomberg” агентлиги хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, 15 декабрь куни Маккорд қонунчиларга сўнгги 1,07 миллиард доллар маблағ АҚШ арсеналларини тўлдириш учун янги қуроллар сотиб олишга сарфланишини айтган. 

"Ушбу пуллар ишлатилганидан сўнг вазирлик Украинага ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратишни тугатади", дейилади мактубда. 

Пентагон прогнозларига кўра, бу 30 декабрь кунига тўғри келади.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби кеча, 18 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Қўшма Штатлар декабрь ойида Киевга навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини жўнатишини, шундан сўнг маблағ тугашини тасдиқлаган. 

Кирбининг таъкидлашича, маблағларнинг бир қисми Украинага Америка омборларидан юборилган нарсаларни тўлдириш учун сарфланади. Унинг аниқлик киритишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги йўқолган қурол ва жиҳозларни америкалик ишлаб чиқарувчилардан сотиб олади.

Маълумот учун, АҚШ Президенти маъмурияти октябрь ойида Конгрессга 2024-молия йилида (1 октябрдан бошланган) қўшимча бюджет маблағларини ажратиш бўйича сўров юборган. Бу, биринчи навбатда, Исроил ва Украинага ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Осиё-Тинч океани минтақасида Хитой ва Россияга қарши курашга тегишли. Умуман олганда, Демократ Президент Жо Байден бошчилигидаги АҚШ ижроия ҳокимияти ушбу мақсадлар учун тахминан 106 миллиард доллар олишни истайди. Сўров ва муқобил қонун лойиҳаларининг кейинги тақдири сўроқ остида қолмоқда. Чунки Вакиллар палатаси ва Сенатдаги бир қанча республикачилар Киевга молиявий ёрдамни давом эттиришга очиқчасига қарши чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса АҚШ Президенти томонидан тасдиқланган янги ҳарбий ёрдам пакети, агар АҚШ Конгресси Киев эҳтиёжлари учун қўшимча маблағ ажратишга рози бўлмаса, охирги пакетлардан бири бўлиши мумкинлигини айтди. 13 декабрь куни АҚШ Сенати мамлакатнинг 2024 молия йилига мўлжалланган мудофаа бюджетини 886,3 миллиард доллар миқдорида маъқуллади. Мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага ҳарбий ёрдам учун 300 миллион доллар ажратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Пентагон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг