АҚШ Конгресси мудофаа харажатлари учун рекорд миқдордаги маблағни маъқуллади
Олам
−
15 Декабрь 2023
5293АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мамлакатнинг октябрь ойида бошланган 2024 молия йили учун рекорд даражадаги 886 миллиард доллар миқдоридаги мудофаа бюджети лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Тасдиқланган миқдор бир йил олдингига нисбатан тахминан 3 фоиз кўп. Ҳужжатда ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақини 5,2 фоизга ошириш кўзда тутилган, бу эса сўнгги 20 йилдан ортиқ вақтдаги энг катта ўсишдир.
Ҳужжатни 310 конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 118 нафари қарши чиққан. Аввал бюджет АҚШ Сенати томонидан маъқулланган эди.
Энди мудофаа бюджети лойиҳаси имзолаш учун Президент Жо Байденга юборилади.
Қонун лойиҳасида кўрсатилган харажатлар қаторига янги кемалар, ўқ-дорилар, самолётлар сотиб олиш, шунингдек, Хитойни Ҳинд-Тинч океани минтақасида ушлаб туриш ва Украинага ёрдам беришга қаратилган чора-тадбирлар киради.
Хусусан, Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббусини 2026 йил охиригача узайтириш ва Киевга 300 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Бу аввалроқ Оқ уй Киев учун сўраган 61 миллиард доллардан анча кам.
Байден маъмурияти сўровини кенг қамровли иммиграция ислоҳотларини қабул қилиш билан боғлаган республикачи қонунчилар позицияси туфайли бу миқдор Конгресс томонидан ҳали ҳам тасдиқланмаган.
Молиявий ва ҳарбий ёрдамни давом эттириш мақсадида Украина Президенти Владимир Зеленский шу ҳафта бошида АҚШга ташриф буюрганди.
13 декабрь куни сенаторлар томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, Украинада солиқ тўловчилар маблағларидан мақсадли фойдаланилишини кўриб чиқиш учун махсус бош инспектор лавозими яратилади – бу аллақачон мавжуд назорат механизмидан ташқари.
LiveБарчаси