АҚШ Сенати мамлакат мудофаа бюджетини тасдиқлади. Унда Украинага ҳам атагани бор
Олам
−
14 Декабрь 2023
7675Кеча, 13 декабрь куни АҚШ Сенати мамлакатнинг 2024 молия йилига мўлжалланган мудофаа бюджетини 886,3 миллиард доллар миқдорида маъқуллади. Бу ўтган йилга нисбатан 28 миллиард (3 фоиз) кўпдир. Овоз бериш жараёни АҚШ қонун чиқарувчи органининг расмий сайтида намойиш этилди.
Овоз бериш жараёнида Сенат аъзоларининг 87 нафари лойиҳани қабул қилиш учун овоз берди, 13 нафари қарши овоз берди. Лойиҳа Вакиллар палатасига ўтказилди. Қонунчилар бюджет ҳафта охиригача ҳар икки палатадан ўтиб, имзолаш учун Президент Жо Байденга жўнатилади деб умид қилмоқда.
Қонун лойиҳаси 3 мингдан ортиқ саҳифани ўз ичига олади ва мамлакат мудофаа эҳтиёжлари учун юқори маблағларни таклиф қилади. Ҳарбийларнинг иш ҳақи сезиларли даражада ошади – 5,2 фоизга. Бу АҚШ тарихидаги рекорд бўлади.
Америка қонун чиқарувчи палатасининг тегишли қўмиталари томонидан келишилган мудофаа бюджети лойиҳасида Украинага ҳарбий ёрдам учун 300 миллион доллар ажратилган. Қонунчилар, агар керак бўлса, 2025 молия йилида ҳам худди шундай эҳтиёжлар учун 300 миллион ажратиш ниятида. Умуман олганда, Киевга ёрдам 2026 йил охиригача узайтирилди.
Ҳарбий бюджет АҚШ ҳарбий харажатларининг фақат бир қисмини ташкил этади. Ҳарбий маблағлар турли бюджет моддалари бўйича тақсимланади, масалан, ядровий қуролга сарфланадиган харажатлар Энергетика вазирлигидан келади. Шунингдек, бошқа давлат идоралари ва департаментларининг ҳарбий харажатлари, жумладан, Давлат департаментининг хорижий ҳарбий ёрдамга сарфланган харажатлари ва бошқалар мавжуд.
Маълумот учун, октябрь ойида Байден Конгрессга Украинага бир йилга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Қонунчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келишмаган.
Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса АҚШ Президенти томонидан тасдиқланган янги ҳарбий ёрдам пакети, агар АҚШ Конгресси Киев эҳтиёжлари учун қўшимча маблағ ажратишга рози бўлмаса, охирги пакетлардан бири бўлиши мумкинлигини айтди.
LiveБарчаси