Пентагон юзлаб генералларни шошилинч йиғилишга чақирди – WP
Олам
−
27 Сентябрь 2025 9230 2 дақиқа
АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет юзлаб америкалик генераллар ва адмиралларни зудлик билан АҚШга чақиртирди. Улар Виржиниядаги АҚШ денгиз пиёдалари базасида йиғилиб, Хегсетнинг қисқа нутқини тинглаши керак бўлади. Нутқ ҳарбий стандартлар ва “жанговар руҳ” ҳақида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда кеча, 26 сентябрь куни “The Washington Post” хабар берди.
Нашрга кўра, бутун дунёнинг турли нуқталаридан келадиган юқори лавозимли зобитлар бу чақирувдан ҳайрат ва хавотирга тушган. Базага барчаси – бригада генерали ва контр-адмиралдан юқори унвонга эга бўлган командирлар, шунингдек уларнинг катта маслаҳатчилари ҳам келиши керак. Фақат жуда кам ҳолларда, юқори қўмондонлик рухсати билан бундан истисно қилиниши мумкин.
Манбалардан бирининг айтишича, Хегсет генералларни кўришни истаган ва бу тўғридан тўғри суҳбат орқали бўлиши керак. Ҳозирда АҚШнинг ўзида ва ўнлаб давлатларда қарийб 800 нафар генерал ва адмирал фаолият юритмоқда.
CNN хабарига кўра, йиғилишда Хегсет Мудофаа вазирлигини Уруш вазирлигига айлантириш, аскарлар учун янги стандартлар белгилаш ва янги қуролли кучларнинг қиёфасини намойиш қилиш режасини тушунтиради. Оқ уй вакили буни “куч намойиши” деб атаган.
Учрашув “руҳлантирувчи митинг” тарзида ўтиши кутилмоқда. Унда жанговар руҳ, жанговар тайёргарлик, жисмоний ва бошқа талаблар бўйича янги меъёрлар тақдим этилади. Пентагон вакилининг сўзларига кўра, бу “отларни отхонага ҳайдаб, уларни интизомга келтириш”га ўхшаш бўлади. Хегсет эса юлдузли эпаулет кийган зобитларни ўз сафида кўришни истайди, акс ҳолда уларнинг карераси хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқчи.
Хегсетнинг нутқи ёзиб олиниб, кейинчалик эълон қилиниши режалаштирилган. Оқ уй эса уни кенгроқ шаклда тарқатишни хоҳламоқда. Генералларни йиғиш қарори Хегсет жамоасининг юқори ҳарбий қўмондонликни қайта тузиш режалари фонида қабул қилинган. Вазир илгари генераллар сонини 20 фоизга қисқартириш, айрим юқори лавозимдагиларни ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан ишдан бўшатиш ва Мудофаа вазирлигини Уруш вазирлиги деб қайта номлаш ташаббусини билдирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва вице-президент Жей Ди Вэнс бу учрашувни оддий воқеа сифатида баҳолаб, зарурат бўлса ўзлари ҳам қатнашишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп мамлакат Мудофаа вазирлигини Уруш вазирлиги деб қайта номлаш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужжатга кўра, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет энди “Уруш вазири” унвонидан фойдаланиши мумкин бўлади. Пентагон раҳбарининг сўзларига кўра, идора номини ўзгартириш “сўз эмас, балки ҳарбий этикани тиклашдир”.
Live
Барчаси