Пентагон Украинадаги Starshield тизимидаги узилишларни текширишдан бош тортди

Олам

−

image

АҚШ Мудофаа вазирлиги Бош инспектори Украинада Starlink ва Starshield сунъий йўлдош алоқа тизимлари фаолиятидаги узилишларни текширишдан бош тортди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Агентликнинг ёзишича, АҚШ Конгрессининг ҳар икки партиясига мансуб тўққиз сенатор Пентагон Бош инспекторидан тизимлардаги узилишларни текширишни сўраган. Улар АҚШнинг айрим мансабдор шахслари бу ҳолатдан олдиндан хабардор бўлганми ёки узилишларни маъқуллаганми, деган саволларга жавоб олишни истаган.

Бироқ Пентагон Бош инспектори сенаторларга юборган жавобида бу саволларга АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари яхшироқ жавоб беришини билдирган. Сенаторлар бу жавобни SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск ва у бошқарадиган алоқа тизимлари фаолиятини текширишдан бош тортиш сифатида баҳолаган.

Сенатор Жин Шаҳин Украина тинч аҳолисини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган алоқа тизимидаги узилишлар текширилмаётганидан хавотир билдирган. Унинг айтишича, Трамп маъмурияти ва SpaceX узилишларга нима сабаб бўлгани ҳақида бир-бирига зид маълумотлар берган. Сенатор масъулиятни аниқлаш ва бундай ҳолат такрорланишининг олдини олиш учун мустақил текширув зарурлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи ўрталарида Украина расмийлари Starlink ва унинг ҳарбий мақсадларга мўлжалланган Starshield версиясида алоқа тезлиги чекланганини билдирганди. Уларнинг таъкидлашича, бу чекловлар Россиянинг тез ҳаракатланувчи ҳужумкор дронларини тутиб қолишга халақит берган.

“The Wall Street Journal” нашри Украинага Starshield тизимидан фойдаланишни чеклаш ҳақидаги қарорни Илон Маск қабул қилганини ёзган. Маск эса Starshield АҚШ ҳукумати тасарруфида эканини ва ундан фойдаланишга оид чекловлар АҚШ Қуролли кучлари томонидан белгиланишини билдирган.

Шунингдек, жорий йилнинг 22 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Украинанинг ҳарбий мақсадлардаги Starshield сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланиш имконияти тикланганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг