“Ўргимчак тўри” операцияси. Босқин остидаги Украина махфий хизматларининг Россиядаги саргузаштлари

Таҳлил

Империалистик тафаккуридан воз кечмаётган Россия 1 июнь куни Украина томонидан нокдаун ҳолатига туширилди. Украина махсус хизматлари Россиянинг бепоён ерларида шундай операция ўтказдики, бу амалиёт голливуд индустрияси учун тайёр сценарийга айланди. Кристофер Нолан учун тап-тайёр сценарий, шунчаки қоғозга тушириб олса бас. 
Украина томонидан Россиянинг турли бир-биридан анча узоқ ўлкаларида амалга оширилган операция CIA, MI6 ва “Моссад” каби қудратли махфий хизматларнинг ҳавасини келтириши турган гап. Россиянинг ичида туриб, унинг муҳим стратегик объектларига ҳалокатли зарба йўллаш орқали унга бир неча соат ичида миллиардлаб доллар зарар етказиш қўлланмаси бу. Украина махфий хизматлари ўтмиш ва бугунги кун билимлари ҳамда ютуқларининг жамланмасини шу тарзда тақдим этди.

Замонавий “троя оти”

Юнонлар милоддан аввалги 1200 йиллар атрофида Эгей денгизи қирғоғидаги Трояга мўл-кўл ўлжа илинжида бостириб боргани ва  у ерда 10 йил жанг қилгани ва шунинг 9 йилини беҳуда сарфлагани ҳақида тарихий манбалар ҳикоя қилади. Қадимги юнон шоири Гомер ўзининг “Иллиада” достонида шу урушнинг ўничи йили ҳақида ҳикоя қилиб, юнонлар ҳийла орқали шаҳарга кирганини баён қилади. “Иллиада”да ёзилишича, юнонлар ҳуддики қамални тўхтатиб, ўзини тинчлик ўрнатмоқчидек тутади ва ярашув белгиси сифатида шаҳарга улкан совғани топширади. Бу ичи бўм-бош, ёғочдан ясалган баҳайбат от эди. Трояликлар мазкур совғани қабул қилади. Кечга бориб эса унинг ичига яширинча жойлаштирилган юнон аскарлари ёғоч отдан тушиб, Троя дарвозасини очади ва шаҳар эгалланади. Шундан буён “Троя оти” тушунчаси хосиятсиз совға маъносининг англатиб келади. Ушбу ҳодиса қадимги дунё тарихида ростдан ҳам бўлганми ёки йўқ, буниси қизиқ эмас, энг асосийси шунга ўхшаш воқелик сиз-у биз яшаётган замонда 3 йилдан ортиқ давом этаётган Россиянинг Украинага босқини даврида рўй берди.

Жорий йил 1 июнь куни Россия ичида турган ҳолда юк машинаси устидан парвозга кўтарилиб, мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятига жиддий шикаст етказган Украина дронлари ҳам шу “Троя оти”ни ёдга солди. “Ўргимчак тўри” деб ном берилган операция учун зарур ресурс контрабанда йўли билан кирган ва тайёргарлик Россия ҳудудида амалга оширилган. 

31 май куни Россия Украинага 472 та дрон билан босқин бошлаган кундан то ҳозиргача бўлган даврдаги энг йирик ҳаво ҳужумини уюштирганди. Орадан бир неча соат ўтиб, Киев Москванинг бу юришига мисли кўрилмаган тарзда жавоб қайтарди. Амур вилоятидаги аэродром, Иркутскдаги Белая, Рязандаги Дягилево, Мурманск вилоятидаги Оленя ва Иваново вилоятида жойлашган шу номдаги авиабазаларга ҳужум қилинди. Россия Мудофаа вазирлиги мазкур ҳудудлардаги ҳаво зарбаларини тасдиқлади. Рус ҳарбийларига кўра, Иваново, Рязан ва Амур вилоятларидаги ҳужумлар қайтарилган. Мурманск ва Иркутск вилоятларида эса бир нечта самолёт бўлинмалари ёниб кетган. 
Украина хавфсизлик хизмати “Ўргимчак тўри” операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизидан айрилганини даво қилди. Яъни Россиядаги асосий аэродромларда жойлашган стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи жиддий зарар кўрди. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳалокатли йўқотишларнинг умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади. Манбалар Россиянинг 41 та самолётига, жумладан, стратегик А-50 номли кузатув самолёти, Ту-95 ва Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолётларига зарар етказилгани ҳақида хабар берди. Киевга кўра, улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган.

Манбалар Киев бу операцияни мустақил тарзда, Оқ уйни огоҳлантирмай амалга оширгани ҳақида хабар берди. Албатта сиёсий қарорларни кайфиятга қараб ўзгартириб борувчи ярим асрлик тадбиркор билан жуда узоқ вақт тайёргарлик кўрилган нозик операцияни муҳокама қилиш ҳаммасини пучга чиқариши ҳеч гап эмас. Зеленскийнинг эса оғзи қулоғида. У “Паутина” яъни “Ўргимчак тўри” номли режа муккамал тарзда бажарилганини маълум қилиб, УХХ раҳбари Василий Малюк ва операцияда қатнашган барчага миннатдорлик билдирди. Украина раҳбари буни “ноёб операция” деб атаган ҳолда Россия бу урушни тугатиши учун Киев ҳамма нарсани қилишга тайёлигини маълум қилди. 

“Паутина” – оскарга муносиб сценарий

3 йилдан ортиқ давом этаётган мудофаа юки ва босими, машаққатли ҳимоя Украина хавфсизлик хизматини Исроилнинг “Моссад”и, АҚШдаги CIA'дан қолишмайдиган даражага олиб чиққан кўринади. Киев борган сари сирли китобга айланмоқда. Россияга рус ерларида туриб қақшатқич зарба бериш орқали Зеленский маъмурияти Трампнинг “қўлингда ҳеч қандай карта йўқ” деган сўзларига яхшигина жавоб берди. Трамп “ўргимчак тўри” операциясидан кейин бошқа бу сўзларни тилга олмаса ҳам керак. Биз эса “паутина” амалиёти қандай ўтказилганига батафсил тўхталамиз. 

Украина хавфсизлик хизмати томонидан 1 йил-у 6 ой 9 кун давомида тайёргарлик кўрилган ушбу операцияда юк машиналари орқасида 117 та ҳаво учувчисиз учоқларини контрабанда йўли билан олиб ўтилган ва уларни Россиянинг тўртта ҳаво базасининг ёнига жойлаштирилган. Зеленский мазкур амалиётнинг бош офиси Россия вилоятларидан бирида жойлашган Федерал хавфсизлик хизмати қароргоҳининг ёнгинасида бўлганини айтди. Аммо тафсилотларни батафсил очиқламади. Шу пайтгача маълум бўлганларидан энг асосийси Украина махфий хизматлари Россияни карахт аҳволга солган “Паутина”ни амалга оширишда жуда кенг кўламдаги ҳудудларни қамраб олган. Стратегик зарбалар учун танланган нуқталардан бири Финландия, яна бошқаси Монголия яқинида жойлашган. Гап бир-биридан минглаб км узоқликда жойлашган объектлар ҳақида кетмоқда ва бу Украина махсус хизматлари Россиянинг исталган ҳудудига қадам боса олишини англатади. 

Уларнинг ҳар бири Украинадан жуда узоқ масофада. Масалан, Оленя базаси Украинадан 2000 километр узоқликдаги Мурманск яқинида Арктик доирада жойлашган. Нишонга олинган бошқа аэродромлар, жумладан Иркутскдаги Белая Украинанинг Россия билан чегарасидан тахминан 4500 километр нарида. Шунингдек, Россиянинг стратегик бомбардимончи кучларини тайёрлаш маркази бўлган Рязандаги Дягилево Украинадан 520 километр узоқликдаги база ҳисобланади. Бундан ташқари, яна бир муҳим стратегик объект – Россия ҳарбий транспорт самолётлари учун база ҳисобланадиган Иваново Украина ерларидан 800 километр узоқда жойлашган. Шунинг учун “Паутина” операцияси бир эмас, бир йўла 3 та вақт минтақсида ўтказилган. Макон, замон ва логистика нуқтаи назаридан жуда мураккаб масала, аммо Украина буни уддалади. Дронлар Россияга юк машиналарида олиб келиниб, ёғоч кўчма уйлар ичида якуний лаҳзаларга тайёрланган. Улар юк машиналарига ўрнатилган мобил ёғоч уйларнинг томлари остига яширилган. Зарба бериш вақти келганда эса томлар масофадан очилган ва дронлар рус бомбардимончи самолётларини уриб тушириш учун парвозни бошлаган. 

Битта ҳужум акс этган видеода юк машинасидан кўтарилган дронлар кўринади, яна бир расмда эса юк машинасининг томи ерда жойлашган. Мазкур аср операциясига алоқадор ва унда қатнашган барча масъул шахсларнинг аллақачон Украинага қайтгани ҳақидаги расмий хабар эса ҳаммасиданда ҳайратланарли. Зарба тасвирланган видеоларда жойлардаги саноқли маҳаллий аҳоли ушбу ҳодисага гувоҳ бўлганини кўриш мумкин. Аммо шу куни кўпчилик қатори Россия махсус хизматлари урушлар тарихида янги саҳифа очган ушбу тактик услубни жонли кўриш имконидан маҳрум эди. 

Керак бўлса ер тагидан борамиз – УХХ

“Ўргимча тўри” операцияси муваффақиятли ўтказилганидан сўнг, УХХ ўз баёнотида Россияга жиддий сигнал берди; “агар керак бўлса, уларга ҳатто ер остидан ҳам етиб борамиз”. Ҳа, Украинадаги қатор муваффақиятсизликлар ва марҳум Пригожин томонидан Москвага қилинган маршдан сўнг Россия қудрати ҳақидаги гап-сўзлар мифга анча яқин экани аста-секин ойдинлашганди. Ўтган йили ёзда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг илк бор Россия ҳудудининг бир қисми қамал остида қолганидан сўнг, Путиннинг мудофаа девори пахсадан иборатдек тассурот қолдирганди. Бугунга келиб эса Украина махфий хизматлари рус ерларининг исталган ҳудудида уларга миллиардлаб зарар етказиши мумкинлиги ойдинлашди. 

Баъзи ҳарбий шарҳловчилар ва Россиядаги асосий босқин тарғибтчилари, яъни “Z” блогерлар “Ўргимчак тўри” операциясини Иккинчи жаҳон уруши пайтида Япониянинг АҚШдаги энг муҳим стратегик нуқталардан бири Пёрл-Ҳарборга берган ҳалокатли зарбасига таққосламоқда. АҚШнинг юқори мартабали мудофаа мулозимининг CNN телеканалига айтишича эса, Украина ҳужуми улар илгари кўрмаган даражада ўта мураккаблик эмиш. Шу ўринда бир неча кун олдин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг “Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага ҳужумини ўрганяпти ва бундан тажриба ортиряпти” деган маънодаги гапи ёдга тушди. Ҳа, Вашингтон бу кетишда Россия қолиб, асосан Украинадан керакли сабоқларни ўрганса ҳам ажаб эмас. 

Россия мотам тутмоқда

2 июндан 4 июнгача Россияда мотам эълон қилинди. Лекин бу Украина дронлари Россия ҳарбий авиациясини тормор қилгани билан боғлиқ эмас, балки шу воқеадан бир неча соат олдинги фожиа туфайлидир. Гап шундаки, Россиянинг Брянск вилоятида автомобил кўприги темирйўл устига қулаши оқибатида Москва томон ҳаракатланаётган йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Ҳодиса 31 май куни маҳаллий вақт билан 22:44 да Брянск вилоятида жойлашган “Пилсино-Вигоничи” йўналишидаги бир йўлакли темирйўл бўлагида содир бўлган. Унда автомобиль кўпригининг устки қисми қулаб тушган. Оқибатда ”Климово–Москва” йўналишида ҳаракатланаётган 86-сонли йўловчи поездининг локомотиви ва вагонлари рельсдан чиқиб кетган. Кўприк конструкцияси қулаб, унинг бўлаклари остидан ўтаётган йўловчи поездининг устига тушган. Ҳодиса оқибатида 7 киши вафот этган ва яна 90 га яқин йўловчи жароҳатланган. Вилоят губернаторига кўра, мотам кунларида Брянск вилоятининг барча ҳудудларида Россия байроғи, вилоят ва маҳаллий байроқлар ярим устунга туширилади. Ҳудуддаги маданият муассасалари ҳамда телевидение ва радиоканаллар барча кўнгилочар тадбирлар ва эфирларни бекор қилди. 

Аммо бу ўша соатларда Россияда содир бўлган ягона кўприк қулаши эмас. Россиянинг Курск вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди, аммо бу сафар темирйўл кўприги поезд билан биргаликда қулаб тушди. Тростна-Калиновка йўлининг 48-километрида кўприк устидан поезд ўтиб кетаётган вақтида у қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида 1 киши жароҳатланган. Курск вилояти расмийларининг маълумотларига кўра, локомотив ҳайдовчиларидан бирининг оёқлари шикастланган. Кўприкнинг қулаш сабабларини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Россиядаги Telegram-каналларнинг ёзишича, ушбу воқеага портлаш сабаб бўлган. Улар кўприк устунларига иккита портловчи мослама ўрнатилгани, ушбу қурилмалардан бири устунга, иккинчиси эса темирйўлнинг бошланишидан 30 метр масофада, йўл остига жойлаштирилгани ҳақида хабар берди. Ҳолат юзасидан эса ўрганишлар давом этяпти. 

Бу воқеалар айнан Украинанинг “Ўргимчак тўри” деб номланган тарихий операцияси билан жуда яқин соатларда содир бўлгани, Брянскдаги автомобиль кўприги айнан поезд ўтаётган маҳал унинг устига қулагани учун анча шубҳали кўриняпти. Бироқ ҳозирча бу ишда Украина изи борлиги ҳақида расмий баёнотлар янграганича йўқ. Киев ҳам фақат “Паутина”ни тан олди. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам 31 май ва 1 июнь кунлари Россия ҳарбий авиацияси ва ФХХ учун “мотам” сифатида ҳали кўп эсланади.

Албатта, бу Украина хавфсизлик хизматининг уддабуронлиги натижасидир. Шу ўринда эса “қолоқ давлатлар ўз фуқаролари, қудратли давлатлар эса бошқа мамлакатлар ҳақида маълумот тўплайди”, деган ибора ёдга тушади. Украина хавфсизлик хизмати келажакда кўплаб давлатлардаги ҳамкасбларига ўз аҳолисини ўрганишга кетказадиган куч ва қимматли вақтини ўзга мамлакатлар ва потенциал душманларга сарфлаши кераклиги хусусида яхшигина дарс бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Паутина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг