Пашинян Европадан қўйни-қўнжи тўлиб қайтмоқда (видео)
Олам
−
06 Апрель
11743Арманистон Бош вазири Никол Пашинян кеча, 5 апрель куни Ғарбнинг бир қатор расмийлари билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Бош вазирнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Арманистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда Пашинян АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID маъмури Саманта Пауэрни қабул қилган. Суҳбатдошлар Арманистон ҳукумати ва USAID ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, жорий дастурлар ва истиқболдаги ташаббусларни муҳокама қилган. Хусусан, Арманистондаги турли йўналишларда демократик ва институционал ислоҳотларни самарали амалга оширишда USAID’нинг келгуси қўллаб-қувватлаши ҳақида сўз юритилган.
"Бош вазир Арманистон ҳукумати ислоҳотлар йўлидаги изчил қадамларни қатъий давом эттиришини таъкидлади ва бу стратегик аҳамиятга эга эканини билдирди", дейилади хабарда.
Саманта Пауэр USAID Арманистон билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини ва Арманистон ҳукуматининг демократияни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича дастурларини доимий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаган.
Суҳбатдошлар Қорабоғдан "мажбуран кўчирилганлар" нинг гуманитар муаммолари ва уларни ҳал этиш йўлидаги қадамларга тўхталган. Бош вазир Никол Пашинян Арманистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва кейинги қадамлар билан уни яқиндан таништирган, халқаро ҳамкорлар, жумладан, Қўшма Штатлар томонидан Қорабоғдан кўчирилган одамларга кўрсатилаётган ёрдамга эътибор қаратиб, уни доимий равишда таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Шу нуқтаи назардан, "мажбурий кўчирилганлар"ни қўллаб-қувватлашнинг кейинги босқичларига оид масалалар, хусусан, уй-жой билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Куннинг иккинчи ярмида Арманистон-Европа Иттифоқи-АҚШ қўшма йиғилиши олдидан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррель баёнот берган.
Тадбирни очиб берган Боррель "суверен, мустаҳкам ва гуллаб-яшнаган Арманистонга" жамоавий садоқатни яна бир бор тасдиқлаш учун бу юқори даражадаги учрашув ташкил қилинганини урғулаган ҳамда ўз ҳамкорларидан Арманистон инфратузилмасини модернизация қилиш, бизнес тармоқларини кўпайтириш ва савдони осонлаштиришнинг потенциал схемаларини ўрганишда ёрдам беришни сўраган. Шунингдек, у Озарбайжон билан муносабатларни нормаллаштириш тарафдори эканлигини таъкидлаган.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Арманистон билан елкама-елка туришга ваъда берган ва бугун бу ваъда бажарилмоқда.
"Арманистон билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги тасаввур Арманистоннинг барқарорлигига ҳисса қўшиш дастури орқали амалга оширилади. Биз Арманистон иқтисодиёти ва жамиятини янада мустаҳкам, зарбаларга чидамли қилиш учун сармоя киритамиз" деган у.
Фон дер Ляйен кичик ва ўрта ҳажмли компанияларга ёрдам берадиган 270 миллион евро миқдоридаги грантга ишора қилган. Қолаверса, Европа Иттифоқи Арманистондаги инфратузилма лойиҳаларига, хусусан, Қора денгиз электр кабели лойиҳасига, шунингдек, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришга сармоя киритади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Арманистонга 65 миллион доллардан ортиқ пул берилишини билдирган. Унинг таъкидлашича, АҚШ Пашиняннинг бошқаруви ва иқтисодий ислоҳотларга мос келадиган саъй-ҳаракатларга сармоя киритмоқда.
“Биз 65 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатишни режалаштирганмиз. Бу кўрсаткич икки йил аввалги кўрсаткичдан 50 фоизга кўпдир. Унда озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли инфратузилма, энергия диверсификацияси, савдо шерикларини диверсификация қилиш ва Бош вазир белгилаган бошқа устуворликларга сармоя киритиш орқали Арманистоннинг демократияси ва иқтисодий барқарорлигини қўллаб-қувватлашимизни янада ошириш ниятидамиз”, деган Блинкен.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европарламент Арманистон билан яқинлашиш бўйича резолюция қабул қилган эди.
LiveБарчаси