Пашинян Россия билан Арманистоннинг “бири икки бўлмаслиги”га ишоняпти
Олам
−
02 Февраль
7692Ереван ҳарбий-техникавий ҳамкорлик учун янги шериклар қидиряпти, чунки Арманистон буни олдинги каби фақат Россия билан амалга ошира олмайди. Бу ҳақда кеча, 1 февраль куни мамлакат Бош вазири Никол Пашинян Арманистон жамоат радиосига берган интервьюсида маълум қилди.
Пашиняннинг сўзларига кўра, авваллари Арманистоннинг мудофаа соҳасидаги муносабатларининг 95-97 фоизи Россия Федерациясига боғлиқ бўлган, аммо ҳозир бу объектив ва субъектив сабабларга кўра имконсиз.
“Арманистон ким билан ҳарбий-техникавий ва мудофаа муносабатлари ўрнатиши мумкинлигини тушуниши керак", дейди Пашинян.
Бош вазирнинг айтишича, 2022 йилнинг январь ойида Арманистон ҳукумати Россия билан ҳамкорликда армияни ислоҳ қилиш концепциясини тайёрлаган.
“Бироқ, ўша йилнинг қишидаги воқеалар – Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлагини тўсиб қўйиши биз бу концепциядан олдинга силжий олмаслигимизни ва энди Москва билан ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик қанчалик реал эканини тушунишимиз кераклигини кўрсатди”, дейди Пашинян.
У армияни ривожлантириш концепциясини ўзгартириш кераклигини айтиб, йил охиригача шундай ҳужжат қабул қилишга ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Арманистон ўз ҳудудида АҚШ билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказганди.
LiveБарчаси