Пашинян Арманистоннинг Россия билан муносабатларини стратегик хато деб атади
Олам
−
06 Сентябрь 2023
5493Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг хавфсизлик соҳасида Россияга қарамлигини стратегик хато деб атади. Бу ҳақда у “La Repubblica” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Арманистон хавфсизлик архитектураси, жумладан, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни харид қилишда Россия билан 99,999 фоиз боғланган.
Пашиняннинг қайд этишича, Россия тинчликпарвар кучлари Лочин йўлаги устидан назоратни тўхтатган. Шу муносабат билан Бош вазир арман халқи уйғониб, Россия энди бу ерда йўқлигини кўриши мумкинлигини айтган.
“Бугунги кунда Россия қурол ва ўқ-дориларга муҳтож бўлганида, агар хоҳласа ҳам, Арманистоннинг хавфсизлик эҳтиёжларини қондира олмаслиги аниқ. Бу мисол хавфсизлик соҳасида фақат битта марказга қарамлик ёки боғланишнинг ўзи стратегик хато эканини кўрсатиши керак”, дейди Пашинян.
Бош вазирга кўра, россиялик ҳамкорлар Ғарб давлатлари Арманистонни Россияни минтақадан сиқиб чиқаришга ундашаётганини даъво қилмоқда.
“Аксинча, биз Россиянинг ўзи қўйган ёки қилмаётган қадамлари туфайли минтақани тарк этаётганини кўряпмиз”, дейди Пашинян.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Арманистон бош вазирининг ушбу баёнотига қўшилмаслигини айтган.
“Биз Бош вазир Никол Пашиняннинг бу тезисларига қўшила олмаймиз. Россия бу минтақанинг мутлақо ажралмас қисмидир, шунинг учун у ҳеч қаерга кетмайди. Россия Арманистонни тарк эта олмайди”, дейди Кремль матбуот котиби.
Песковнинг билдиришича, минтақанинг барча тегишли давлатлари икки йил аввал имзоланган уч томонлама келишувларга амал қилиши жуда муҳим.
“Мана шу келишувларга риоя қилиш муваффақият калитидир”, дейди у.
LiveБарчаси