Парламентда кўпчиликнинг овози инобатга олинмади (видео)
Жамият
−
23 Июль
12846Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида депутатлар танаффусга чиқиш масаласини муҳокама қилди. Охир-оқибат камчилик кўпчилик устидан ғалаба қозонди.
“Регламент бўйича танаффусга чиқишимиз керак. Яна 4 та асосий масаламиз қолди. Ҳозир ёки танаффус қилмасдан давом эттиришимиз ёки танаффус қилиб, соат учда давом эттиришимиз мумкин. Соат тўртда Ҳукумат соати бор. Нима дейсизлар?”, деган спикер Нурдинжон Исмоилов.
Танаффус қилмасдан йиғилишни давом эттириш ҳақидаги таклиф овозга қўйилди. Натижаларга кўра, 89 нафар депутат танаффуссиз давом эттириш таклифини қўллаб-қувватлади, 13 нафари эса бунга қарши бўлди. Бир киши бетараф қолди, 15 депутат эса овоз бермади.
Шундан сўнг спикер таклифни яна овозга қўйди. Бу сафар қўллаб-қувватловчилар 89 нафарга, қаршилар эса 22 нафарга етди.
“Мен тушунмадим, нима қиламиз, давом этайликми? Ёки танаффус эълон қиламизми?”, дея такрор сўради спикер.
Ушбу таклиф бўйича фикр билдирган депутат Жаҳонгир Ширинов “камчилик кўпчиликка бўйсуниши кераклиги ва кўриб чиқишни давом эттириш керак”лигини айтди.
“Мен ишни давом эттиришга розиман, лекин битта нарсани ҳисобга олишимиз керак, 22 одам ҳозир кайфият билан ишламайди”, деган спикер ўринбосари Алишер Қодиров.
Шундан кейин парламент йиғилишида кам овоз тўплаган бўлса-да, депутатлар танаффусга чиқди.
"Кўпчиликнинг фикрини эътиборга оламиз, лекин танаффус эълон қилайлик. Соат 15:00 гача танаффус", деди спикер.