Париж ва Лондон Трампга Украинадаги тинчликпарварлар режасини тайёрламоқда
Олам
−
23 Февраль 2025 5379 2 дақиқа
Буюк Британия ва Франция, агар Москва ва Киев тинчлик келишувига эриша олса, Украинага 30 минггача европалик тинчликпарвар кучларини жойлаштириш режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда бугун, 23 февраль куни Европа Иттифоқининг номи ошкор этилмаган расмийларига таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
“Бу режанинг амалга оширилиши иттифоқчилар АҚШ Президенти Дональд Трампни ўз мамлакатининг ушбу миссияда “чекланган” иштирокини таъминлашга ишонтира олишига боғлиқ”, деб ёзади WSJ.
Британия расмийларининг фикрича, агар Москва тинчлик шартномаси шартларини бузадиган бўлса, Украинадаги Европа қўшинларига Россиядан хавф туғдирса, уларни ҳимоя қилиш учун Америка иштироки “хавф девори” вазифасини бажаради.
Шу билан бирга, Трамп амалда рад этган АҚШ қўшинларини Украинага жойлаштириш ҳақида гап кетмайди. Аксинча, Европа кучларида етишмаётган “АҚШ ҳарбий салоҳияти”дан фойдаланиш назарда тутилган.
“Масалан, АҚШ ҳарбий хизматчилари Украина билан чегарадош давлатларда жойлаштирилган ва уни ҳимоя билан таъминловчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бошқариши ва Европа Иттифоқига бошқа шунга ўхшаш ҳаво мудофаа тизимларини тақдим этиши мумкин”, дейди европалик расмий.
WSJ маълумотларига кўра, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер 27 февраль куни Вашингтонда Оқ уй раҳбари билан учрашувда Трампга тегишли режа лойиҳасини кўрсатмоқчи. Нашр манбаси тушунтирганидек, айнан Британия ҳукумати бу режа ортида турган “асосий ҳаракатлантирувчи куч”. Бироқ, WSJ манбасининг фикрича, Британия Бош вазири кейинги учрашувда Трампга америкаликларни қўллаб-қувватлаш учун аниқ сўров билан чиқиши даргумон.
Франция Президенти Эммануэль Макрон АҚШ Президенти билан эртага, 24 февраль куни – Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошланганининг уч йиллиги муносабати билан Оқ уйда учрашмоқчи. Қайд этилишича, у узоқ вақтдан бери Европани мудофаа соҳасида катта роль ўйнашга чақириб келади ва Буюк Британиянинг режаси билан қизиқади, бироқ бошқа иттифоқчилардан ҳам ғояларни сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳокимияти Европанинг Украинада ўз қўшинларини жойлаштириш режалари ҳақидаги барча хабарларни диққат билан кузатиб бораётгани ва улар хавотир уйғотаётганини айтганди. Кремль вакилининг сўзларига кўра, Европа яқин кунларда бир-бирига зид бўлган баёнотлар тақдим этмоқда.
Live
Барчаси