Европа Украинадаги хавфсизликни ўз зиммасига олишга тайёр – Макрон
Олам
−
20 Февраль 2025 5241 3 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқи, шунингдек, Канада, Исландия ва Норвегия вакиллари билан ўтказилган музокаралар якунида Европа Украинада хавфсизликни таъминлаш бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр эканини билдирди. У, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлаш асосий устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
“Биз Украинада мустаҳкам ва ишончли тинчлик бўлишини истаймиз. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз ва Европада тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз. Бу Франциянинг асосий манфаатидир ва мен унинг кафолати бўламан”, деб ёзди.
Макроннинг сўзларига кўра, Европанинг мақсади АҚШ Президенти Дональд Трампнинг урушни якунлаш истаги билан мос келади. Унга кўра, Европанинг тинчлик саъй-ҳаракатлари қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
- Украина иттифоқдош бўлиб қолиши ва унинг манфаатлари эътиборга олиниши лозим;
- Тинчлик узоқ муддатли бўлиши ва ишончли кафолатлар билан мустаҳкамланиши керак;
- Европа хавфсизлигига эътибор бериш мажбурий шарт бўлади.
Макрон, шунингдек, Европа мудофаа харажатларини ошириш ва хавфсизлик имкониятларини мустаҳкамлаш зарурлигига ишонч билдирган. Унинг айтишича, тегишли қарорлар яқин орада қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, Дональд Трамп НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказишни талаб қилган. Бу эса олдиндан келишилган 2 фоизлик нормадан юқори. Бироқ НАТО маълумотларига кўра, 2024 йилда альянсга аъзо 32 давлатдан фақат 23 таси бу кўрсаткичга эриша олган. “Financial Times” манбаларига кўра, Трамп ўз талабларини юмшатиб, уларни 3-3,5 фоизгача камайтириши мумкин.
Дональд Трамп Европа давлатларининг Украинага қўшин юбориш ғоясини қўллаб-қувватлаган, аммо бу миссияда америкалик аскарлар иштирок этмаслигини таъкидлаган. Унинг маъмурияти Европа давлатларидан Украинага юборилиши мумкин бўлган қўшинлар сони ва қуролланиш тури бўйича маълумот тақдим этишни сўраган. Шу билан бирга, Европа давлатлари АҚШ қўллаб-қувватишини давом эттириш зарурлигини таъкидламоқда, Европа махсус хизматлари эса АҚШ қўшинларининг Европадан чиқарилиш эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.
Қайд этиш жоиз, 17 февраль куни Европа Иттифоқи давлатлари Украина ҳудудига қўшин юбориш масаласини муҳокама қилиш учун фавқулодда саммит ўтказди, аммо бунда якдил қарорга келишолмади. Таклифга Германия, Италия, Польша ва Испания қарши чиқди, Франция, Буюк Британия ва Швеция эса уни қўллаб-қувватлади. https://qalampir.uz/news/yevropa-yetakchilari-trampning-rezhasi-sabab-favk-ulodda-sammit-utkazdi-114605
19 февралда Нидерландия Украинага тинчликпарвар кучларни жўнатиш эҳтимолини кўзда тутувчи резолюцияни қабул қилди, аммо бу фақат Россия билан сулҳ тузилгандан кейин амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ разведкаси Россия Президенти Владимир Путин Украина ҳудудини тўлиқ эгаллаш ниятидан қайтмагани ҳақида хабар берган эди. Кремль тинчлик музокараларини вақтинча танаффус сифатида кўриб, армиясини тиклаш ва позицияларини мустаҳкамлаш учун фойдаланиши мумкин.
Live
Барчаси