Пандемия давридан кейин наркосавдо авж олди – Шавкат Қаюмов

Жамият

image

2020 йилдан сўнг Ўзбекистонда наркожиноятлар сони қарийб икки баробарга ошди. Бунга асосий сабаб сифатида чегаралардан анъанавий гиёҳвандлик моддалари билан бирга синтетик наркотик моддаларнинг “формулалари” кириб келаётгани кўрсатилмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактика ойлиги”га бағишланган матбуот анжуманида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.

Анжуманда, Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлик директори ўринбосари Шавкат Қаюмов синтетик наркотик моддалар савдоси айнан COVID-19 пандемияси даврида кенг оммалашганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида наркожиноятлар сонининг икки баробарга ошишига онлайн савдонинг кўпайиши ва синтетик моддалар лаборатория шароитида тайёрланаётгани сабаб бўлмоқда.

“Масала шундаки, COVID-19 даврида наркожиноятлар кескин жадаллашди. Статистикага қарасангиз ҳам, синтетик наркотик воситалар айнан 2020 йилдан кейин долзарб муаммога айлана бошлаганини кўрасиз. Эндиликда чегаралардан наркотик моддаларнинг ўзи эмас, балки уларнинг формулалари олиб кирилмоқда”, дейди Шавкат Қаюмов.

Унинг қўшимча қилишича, авваллари наркосавдо асосан кўча-куйда амалга оширилган бўлса, бугунги кунда бу жараён масофадан туриб, уйда ўтирган ҳолда олиб борилмоқда. Хусусан, наркосавдогарлар бунинг учун махсус ботлар ва яширин онлайн платформалардан фойдаланади.

Шунингдек, сўнгги бир ярим йил давомида мазкур платформаларга қарши махсус стратегия ишлаб чиқила бошлангани, бу тизим сунъий интеллект асосида жорий этилгани қайд этилди. Мазкур технологиялар ёрдамида ҳозирда минглаб ботлар ва киберсавдо каналлари фош этилмоқда.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда наркожиноятларга қарши курашиш чораларини кучайтириш зарурлиги бўйича танқидий ва қатъий топшириқлар берганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори Равшан Мамажонович Маматов Президент фармони билан лавозимидан озод этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

гиёҳвандлик моддалари ўқотар қуроллар наркожиноят

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг