Пахта, пахта, пахта... Қорақалпоғистон ва 4 вилоятда мажбурий меҳнат бўй кўрсатди
Жамият
−
06 Ноябрь 2019
7725Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мамлакатда мажбурий меҳнатга қарши муросасиз кураш давом этаётганига қарамай, айрим ҳудудларда ҳамон мажбурий меҳнат бўй кўрсатаётганини маълум қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Тошкент, Андижон вилоятларида рўй берган ҳолатларни очиқлади.
Вазирликнинг қайд этишича, Нукус шаҳар 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилган. Улар ишчи ва хизматчи ходимларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган.
Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали бошлиғи ҳам қўлостидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтиргани туфайли МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида жаримага тортилган.
Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган “Севдиёт” фермер хўжалиги раҳбарига теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермагани сабаб МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилган.
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Ирригация бўлими бошлиғи ходимларни пахта йиғим терим вақтида бажарилмаган иш ҳажмлари учун пул маблағлари тўлаб берган. Бу ноқонуний ҳаракат МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилган.
Қарши шаҳри “Обод” автотранс МЧЖ директори эса йўналиш бўйича йўловчиларни ташишни амалга оширувчи Damas русумли автомобиль хайдовчиларини уларнинг розилигисиз пахта далаларига теримчиларни ташишга мажбурлагани сабаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида маъмурий жарима тўлайдиган бўлди.
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Жиззах вилояти Зафаробод тумани Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, айни вилоятнинг Мирзачўл тумани қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари теримчилар учун етарли шарт-шароитларни яратмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилган.
Бу қаторда Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бор. У пахта териш учун келган ишчиларнинг ётоқ жойида етарли шарт-шароитларни яратмаган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-10 баробари қийматида маъмурий жаримага тортилган.
LiveБарчаси