Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдорлар жазоланди
3-саҳифа
−
25 Сентябрь 6605
Пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдорлар жазоланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, пахта мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 10-20 сентябрь кунлари ўтказилган мониторинг давомида 300 дан ортиқ теримчи билан мавсумий меҳнат шартномаси тузилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
11 ҳолатда меҳнат қонунчилиги бузилиши аниқланиб, мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) га асосан жавобгарлик чоралар белгиланди. Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 3 нафар мансабдор шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-модда (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига кўра чора кўрилди.
“Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қатъий тақиқланган ва қонун бузувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши таъминланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфуза Тошматованинг маҳалла хотин-қизлар фаолларини пахта теримига мажбурлагани акс этган видеоси тарқалгани хабар қилинганди. У маҳалла фаолларига пахта теримига 5-10 нафардан фуқароларни мажбурий жалб қилиш ҳақида топшириқ берган. Шундан сўнг, ушбу “замҳоким” жазоланди.
Live
Барчаси