Пахта терими учун нарх белгиланди
Жамият
−
31 Август 55879 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда терилган 1 килограмм пахтага 1800 сўм тўланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, жорий йилда пахта терими нархлари қуйидагича белгиланган:
- Машина ёрдамида терилган пахтанинг 1 килограмм учун – 1 373 сўм;
- Қўл меҳнати билан терилган пахтанинг 1 килограмм учун – 2 000 сўм тавсиявий нарх белгиланган бўлиб, терим вақтида кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув асосида терим нархи мустақил белгилаш амалиёти ҳам қўлланади;
- Шунингдек, пахта етиштириш харажатларини қоплаш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан 1 килограмм пахта учун 1000 сўм субсидия ажратилади.
Қайд этилишича, ушбу тартиб пахта етиштирувчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, теримчилар меҳнатини рағбатлантириш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашга қаратилган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқатилган “1 кг – 1 800 сўм” ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди ва расмий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган. Шунингдек, пахта терими нархлари жамоатчиликка фақат расмий манбалар орқали етказилади. Турли тахминлар ва текширилмаган хабарлар жамиятни чалғитиши билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин”, дейилган вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун 2 минг 500 сўмдан ҳақ тўланиши белгиланганди. Бунда ушбу маблағнинг 2000 сўми Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, 500 сўми кластер ҳисобидан ажратилиб, даланинг ўзида теримчиларга тарқатилиши белгиланганди.