Пакьяога Париж-2024 Олимпиадасида қатнашишга рухсат берилмади
Спорт
−
11 Октябрь 2023
4707Аввалроқ бокс бўйича 8 та вазнда собиқ Жаҳон чемпиони ҳисобланган филиппинлик Мэнни Пакьяо 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш истагида экани ҳақида хабар берган эдик.
Бироқ Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Пакьяонинг ушбу истагини қаноатлантирмади. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бунга Олимпиада ўйинларида белгилаб қўйилган ёш чегараси сабаб бўлган.
“Ёш чегараси 40 ёшни ташкил этади. Бу 2013 йилда АIBА томонидан ўрнатилган. ХОҚ 2019 йилда АIBА'ни Олимпия ўйинларидан четлатган бўлса ҳам, спортчилар манфаати йўлида боксни Олимпиада дастурида қолдирган. Тасдиқлаган техник қоидалар Париждаги ўйинларда ҳам амал қилади”, дейилади ХОҚ баёнотида.
Гап шундаки, филиппинлик профбоксчи жорий йилнинг декабрь ойида 45 ёшга тўлади, бу эса юқорида келтирилган қоидаларга тўғри келмайди.
Маълумот учун, Пакьяо фаолияти давомида 72 марта рингга кўтарилган бўлиб, уларнинг 62 тасида ғалаба, 2 та дуранг ва 8 та мағлубият қайд этган. У сўнгги жангини 2021 йилнинг август ойида кубалик Жорденис Угасга қарши ўтказиб, мағлуб бўлган.
Филиппинлик боксчи 2021 йилнинг сентябрида карьерасини тугатганини эълон қилган бўлиб, 2007 йилдан бери фаол сиёсий фаолият билан шуғулланади. У 2022 йилда Филиппин президентлигига ҳам ўз номзодини қўйган.
LiveБарчаси