Қишки Олимпия ўйинлари дастурига ўзгаришлар киритилди
Спорт
−
10 июл 1302 2 дақиқа
Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) Ижроия кенгаши 2030 йилда Франция Альп тоғларида бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинларининг мусобақалар дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига хабар берди.
Янги дастурга фрирайд чанғиси ва сноуборд, синхрон фигурали учиш каби йўналишлар киритилди. Бироқ Скандинавия комбинацияси мусобақалари дастурдан чиқарилди.
ХОҚ маълум қилишича, қарор спорт турларининг оммабоплиги, томошабинлар сони, оммавий ахборот воситаларидаги қамрови ва географик тарқалиши каби мезонлар асосида қабул қилинган.
ХОҚ Ижроия кенгаши жами учта янги йўналиш ҳамда 16 та янги медаллар жамланмаси бўйича мусобақани дастурга қўшишни маъқуллади.
Ўзгаришлар биатлон, конькида учиш, чанғи спорти, сноуборд ва чанғи альпинизмига тааллуқли.
Янги мусобақалар қаторига биатлон бўйича аралаш яккалик эстафетаси, конькида учиш бўйича эркаклар ва аёллар жамоавий спринти, эркин услубдаги чанғи кросси бўйича аралаш жамоавий баҳслар, параллел сноуборд бўйича аралаш жамоавий мусобақа, аёллар ўртасида жамоавий чанғида сакраш, шунингдек, фрирайд чанғиси, фрирайд сноуборди ва синхрон фигурали учиш киритилди.
Аввалроқ, қўшимча Олимпия спорт тури сифатида тасдиқланган чанғи альпинизми эркаклар ва аёллар ўртасидаги индивидуал пойга, спринт ҳамда аралаш эстафета баҳсларини ўз ичига олади.
Шунингдек, параллел гигант слалом бўйича сноуборд мусобақаси Олимпия дастурида сақлаб қолинди.
2030 йилги Қишки Олимпия ўйинлари тарихда биринчи марта спортчилар квотасида тўлиқ гендер тенглигини таъминлайди. Мусобақада жами 3046 нафар спортчи иштирок этади. Шундан 1525 нафари аёллар, 1521 нафари эркаклар бўлади.
Дастурдан жами 126 та медаллар жамланмаси ўрин олган. Уларнинг 56 таси аёллар, 55 таси эркаклар ва 15 таси аралаш жамоалар ўртасида ўйналади.
Live
Барчаси