Озодликдан маҳрум этилганларга янги ҳуқуқ берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқи таъминланиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча, 17 декабрдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали уларни жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш, жазони ўтаб чиққанидан сўнг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда масофали видео-учрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади.

Лойиҳада манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларнинг йил мобайнида 24 марта масофали видеоучрашувлар олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда.

Қонун ташаббускорларининг фикрича лойиҳадаги мазкур ўзгартиришлар жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашув йўли билан оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқаларини таъминлаш ва оилавий муносабатларини сақлаб қолишга, шунингдек, тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан эътиборан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қонунчилик палатаси видеоучрашув Жиноят-ижроия кодекси манзил-колониялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг