Уй қамоғидаги шахслар учун электрон браслет қачондан жорий этилиши айтилди
Жамият
−
09 Декабрь
3839Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан эътиборан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 декабрдаги қарорида келтирилган.
Унга кўра, Криминология тадқиқот институтида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси асосида амалий илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа натижасида электрон браслет яратилган ва унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилган. Республиканинг 14 та ҳудудида (ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизматларида) синовдан ўтказилиб, амалиётга жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Қарор билан Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғининг болдир қисмига тақилади. Шахс оёғининг болдир қисмига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Аёлларга электрон браслет аёл ходим (ички ишлар органи жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори) томонидан тақилади ҳамда ечиб олинади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган қуйидаги шахсларга электрон браслет қўллаш мумкин эмас:
- 18 ёшга тўлмаган шахслар;
- ҳомиладор аёллар;
- 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
- биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).
Озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётган ёки жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида электрон браслет тақилади.
Электрон браслетнинг электр қуввати тугагани, уни тақиб юрган шахс электрон браслетни ечгани ёки электрон браслетнинг техник топшириғида белгиланган радиус оралиғидан ташқарига чиққани ҳақидаги онлайн хабар келиб тушганда, дарҳол ижрочи ходимларни бу ҳақда хабардор этади ва ушбу хабарни “Электрон браслет” ахборот тизимида қайд этади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс эҳтиёт чораси ёки жазони ижро этиш жойини тарк этиб, қочган ҳолларда туман (шаҳар) ички ишлар органи ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда уни ушлашга қаратилган чораларни кўради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистонда озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан электрон браслет қўлланилиши тўғрисида Президент томонидан “Пробация тўғрисида”ги қонун имзоланганди.