Биз ёлғон, баландпарвоз гапириб шу аҳволга келдик – Президент
Жамият
−
13 Март 2020
10998Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар, зиёлилар иштирокида йиғилиш ўтказмоқда.
“Халқимиз ҳаётини янада яхшилашга йўналтирилган ислоҳотларимизни одамлар билан мулоқот ва маслаҳат асосида ишлаб чиқяпмиз. Хоразмга ҳам жойларда аҳолини қандай муаммолар ташвишга солаётгани ҳақида суҳбатлашгани келдим. Шунинг учун менга кўпроқ масала қўйсаларингиз натижа бўлади. Биз ёлғон, баландпарвоз гапириб шу аҳволга келдик. Президентга ёлғон гапириш - Ватанга хиёнат”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Вилоятнинг ривожланиш даражаси орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан 1,5 баробар, саноат маҳсулоти ва хизмат кўрсатиш ҳажми бўйича эса 2 баробар паст. Ҳудудда 58 минг оила камбағаллик бўсағасида кун кечирмоқда. Шундан 856 таси ўта ночор аҳволда. Кўплаб одамлар ишлаш учун хорижга кетган. Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Хоразмда 200 минг иш ўрни яратиш зарур.
Давлат раҳбари аҳолини тадбиркорликка жалб этган ҳолда, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш, шу орқали камбағалликни кескин қисқартириш асосий мақсад эканини таъкидлади.
Туман ва шаҳарларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, банкларни “лойиҳалар фабрикаси”га айлантириш зарурлиги қайд этилди. 2,5 мингта бўш турган бинолар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини янги лойиҳалар билан тўлдириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қишлоқ туманларда пуллик хизмат кўрсатиш Урганч шаҳрига нисбатан 10-15 баробар пастлиги таъкидланиб, бундай объектларни кескин кўпайтириш кераклиги белгиланди.