Медведев РФ Ҳукумати нега истеъфога чиққанини тушунтирди
Олам
−
20 Январь 2020
8484Россия Федерациясининг собиқ Бош вазири Дмитрий Медведев Ҳукуматнинг истеъфога кетиши сабабларини тушунтирди.
Медведев РФ Президенти Владимир Путиннинг Федерал йиғинга йўллаган мурожаати шундай қилишга ундаганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Путин Федерал йиғинга мурожаатида сиёсий тизимни янгилаш бўйича катта кўламли вазифаларни белгилаб берди.
“Давлат раҳбари барча қарорларни қабул қилиши учун уларни муҳокама қилишда мутлақ эркин бўлиши ҳамда уларни бирор-бир омил, жумладан ҳукумат омилига қараб ўтирмасдан қабул қила олиши лозим”, деган Медведев.
Медведев Россия Ҳукуматини умумий ҳисобда деярли 8 йил бошқаргани ва бу катта муддат эканини эслатиб ўтган. Шунингдек, ҳукумат истеъфосига мутлақ хотиржам муносабатда бўлиш лозимлигини қўшимча қилди.
“Бунда ғайритабиий нарса йўқ. Бу бутун дунёда юз беради, жумладан бизнинг давлатда ҳам юз берди”, деб айтган собиқ Бош вазир.
Медведев Ҳукумат ишининг самарали ташкиллаштирилгани ва йиллик инфляциянинг 13-15 фоиздан 3 фоизгача туширилганини Бош вазир сифатидаги фаолиятининг ютуғи эканини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 январида Медведев Путиннинг Федерал йиғинга мурожаатидан кейин у бошчилигидаги Ҳукумат тўлиқ таркибда истеъфога кетишини маълум қилган.
Путин Медведев ўрнига Федерал солиқ хизмати раҳбари Михаил Мишустин номзодини Бош вазирликка илгари сурди ва у РФнинг янги Ҳукумат раиси бўлди.
LiveБарчаси