Олий суд раиси: 2020 йил судлар учун синов йили
Жамият
−
24 Декабрь 2019
10859Бугун 24 декабрь куни Олий суд пленумининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда раис Козимжон Комилов йиғилишда 2020 йил суд органлари учун синов йили бўлишини ва бунинг учун бир неча омиллар мавжудлигини қайд этди. Тадбирда, шунингдек Олий суд судьялари, мамлакат Бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев ва прокурорлар қатнашди.
“Биз, судьялар фақат қонунга бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай аралашув ва тазйиқларсиз, кимларнингдир талаб ёки фикрларидан мустақил ҳолда одил судловни амалга ошираётганимизни юртдошларимизга кўрсата олишимиз лозим.
Иккинчидан, келгуси йилдан бошлаб суриштирув ва дастлабки тергов жараёни устидан суд назоратини ўрнатиш, яъни прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартибини жорий этиш лозимлиги қайд этилди. Бу миллий жиноят процессуал қонунчиликни мутлақо янги сифат даражасига олиб чиқади”, дея таъкидлади Козимжон Комилов.
Маҳкама раиси судъяларга нисбатан тазйиқ ва босимлар, ҳокимлардан олинадиган ваколатлар масаласида судьяларга мурожаат қилди.
“Сир эмас, суд ишига четдан аралашиш, ҳатто, турли йўллар билан босим ўтказиш ҳолатлари ҳали-ҳануз фаолиятимизда учраб туради. Хўш, бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш учун нималар қилиш керак?
Албатта, амалдаги қонунларимизга судлар фаолиятига аралашганлик учун тегишли жавобгарлик киритилади. Шу билан бирга кўп нарсалар судьяларнинг ўзига боғлиқ. Яъни айтмоқчиманки, судьялар ҳар қандай вазиятда аввало ўз қасамёдига содиқ қолиб, фақат адолатни ёқлаши, қонуний ва асосли қарор қабул қилишни ўзининг виждоний бурчи деб билиши керак.
2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари кенгашларига берилади. Компенсация, ҳоким қарорлари бекор қилиниш каби ишлар фақатгина судлар орқали амалга оширилади.
Шу маънода айтганда, 2020 йил судлар учун яна бир синов йили бўлади”, дейди пленум йиғилишида Олий суд раиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Шунингдек, давлат раҳбари маърузасида келгуси йилдан бошлаб суриштирув ва дастлабки тергов жараёни устидан суд назоратини ўрнатиш, яъни прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартибини жорий этиш лозимлиги қайд этилган эди.