Озарбайжон ва Арманистон вазирлари Женевада учрашди. Арманистон кўнгандек бўляпти
Олам
−
03 Октябрь 2022
4517Озарбайжон томони Арманистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича икки томонлама комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ноябрдан октябрга кўчиришни таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 3 октябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари Жайҳун Байрамов ва Арарат Мирзояннинг Женевада бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича республика Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Делимитация қилинмаган чегарадаги кескинликни ҳисобга олган ҳолда, Озарбайжон йиғилишда делимитация бўйича икки томонлама комиссиянинг навбатдаги йиғилишини аввал келишиб олинганидек, ноябрда эмас, балки жорий йилнинг октябрь ойида ўтказишни таклиф қилди”, дейилади хабарда.
Ҳужжатда таъкидланишича, Ташқи ишлар вазирларининг кеча, 2 октябрь куни Женевада бўлиб ўтган учрашуви Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси матнини тайёрлаш бўйича кўрсатмага мувофиқ ташкил этилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлари 31 август куни Брюсселда икки давлат раҳбарлари Илҳом Алиев ва Никол Пашиняннинг Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирокида бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича кўрсатма берган.
“Вазир Жайҳун Байрамов можародан кейинги даврда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги давлатлараро муносабатларни тартибга солиш ва тинчлик шартномасини имзолашга саъй-ҳаракатларни қаратиш муҳимлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, вазир Арманистон томони эътиборига Озарбайжон таклиф қилган бешта асосий тамойилга асосланган (тинчлик) шартнома элементларини батафсил баён қилди”, дейилади ТИВ хабарида.
Қайд этилишича, Байрамов Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари томонидан имзоланган уч томонлама баёнотларга мувофиқ, Арманистон қуролли кучларини Озарбайжон ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, транспорт ва алоқа линияларини имкон қадар тезроқ очиш зарурлигини таъкидлаган.
“Вазир Жайҳун Байрамов Озарбайжоннинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдори ва тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини яна бир бор маълум қилди. Учрашувда бу йўналишдаги муҳокамаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси