Озарбайжон Ўзбекистонга жавоб қайтарди
Жамият
−
18 Апрель 2020
14763Озарбайжон дунё учун оғир кунлар давом этаётган бир пайтда коронавирус пандемиясига қарши курашда Ўзбекистон билан бир сафда эканини намойиш этди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топшириғига кўра, қардош Ўзбекистон халқига гуманитар ёрдам тариқасида Озарбайжон давлатининг махсус тиббий жиҳозлари жўнатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Гуманитар ёрдам бир мартали шприцлар, бир мартали бахила, кўрпа тўшак, антисептик воситалар, дезинфекция эритмалари, суюқ совун, қаттиқ совун ва тиббиёт спиртларини ўз ичига олган.
Гуманитар юкни Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонаси ходимлари, Ўзбекистоннинг ваколатли вакиллари кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан Озарбайжонга COVID-19 коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун таркибида зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар бўлган гуманитар ёрдам жўнатилган эди.
Умумий ҳисобда Ўзбекистон бугунгача Хитой, Эрон, Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон ва Беларусга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун инсонпарварлик ёрдами юборганди.
Ўзбекистонга эса БАА, Хитой, АҚШ ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун ёрдам жўнатганди.
LiveБарчаси
16:25